ЕИ ортидан Канада ҳам Украинага ёрдам қўлини чўзмоқчи

World

image

Канада Европа Иттифоқининг Украинага ажратиладиган 90 миллиард евролик кредит дастурига қўшилмоқчи. Томонлар Канада ҳиссаси миқдорини жорий йилнинг октябрь ойи охирида Монреалда бўлиб ўтадиган ЕИ – Канада саммитигача келишиб олишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “Financial Times” хабар берди.

Қайд этилишича, Канада ушбу кредит дастурига қўшилиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Канада Бош вазири Марк Карни мамлакатнинг дастурдаги иштироки орқали Европа билан трансатлантик алоқаларни мустаҳкамлашга содиқлигини намойиш этмоқчи. У Канаданинг АҚШга қарамлигини камайтириш ва Европа билан ҳамкорликни кенгайтиришга интилмоқда.

Маълумотларга кўра, ҳозирча Европа Иттифоқига аъзо бўлмаган ва мазкур кредит дастурига қўшилган ягона давлат Буюк Британия бўлиб қолмоқда.

Европа Иттифоқининг Украинага ажратадиган 90 миллиард евролик кредити 2026–2027 йилларда мамлакатнинг бюджет ва мудофаа эҳтиёжларини қоплашга мўлжалланган. Маблағнинг 30 миллиард евроси макроиқтисодий ва бюджет ёрдами учун, 60 миллиард евроси эса мудофаа саноати ва ҳарбий техника харажатларига йўналтирилади.

Киев ушбу кредит бўйича дастлабки маблағларни ҳам ола бошлаган. Молиявий ёрдам Украинадаги ислоҳотлар ва ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш, жумладан, коррупцияга қарши кураш бўйича шартлар билан боғланган.

Маълумот учун, Канада Украинага 6,5 миллиард Канада доллари миқдорида ҳарбий ёрдам ажратганини билдирган. Канада ҳукумати эса жорий йилнинг 10 сентябрь куни Марк Карни ва Владимир Зеленский учрашувида уруш бошланганидан бери Канаданинг Украинага ҳарбий ёрдами 8,5 миллиард Канада долларидан ошганини маълум қилган. Шунингдек, Оттава Украинани тиклаш ва қайта қуриш учун 750 миллиондан ортиқ маблағ ажратган.

Бундан ташқари, Канада АҚШ билан савдо уруши фонида Европа Иттифоқи билан ҳамкорликни кенгайтиришга интилмоқда. Оттава ЕИ суперкомпьютерлар тармоғига қўшилиш, сунъий интеллект соҳасида ҳамкорлик қилиш ва Брюссель билан рақамли савдо тўғрисида битим имзолашни ҳам режалаштирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Канада Украинага Россия ракета ҳужумларидан ҳимояланиши учун 350 миллион Канада доллари миқдорида ҳаво мудофааси ракеталарини етказиб бериш бўйича келишувга эришган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends