Янги ўқув йилининг илк қўнғироғи чалинди (фоторепортаж)
Local
−
14:41 635 2 minutes
2 сентябрь тонги. Ёзнинг уч ойи давомида сокинлик чўккан мактаб ҳовлиси бугун яна болаларнинг қувноқ овозларига тўлди. Кузнинг илк кунлариданоёқ мактаб бағри ўқувчиларни қарши олди. Ҳовлида янграган кулгулар, ҳаяжон билан ён-атрофга боқаётган ота-оналар, шогирдларини қарши олаётган устозларнинг самимий табассуми – буларнинг барчаси янги ўқув йили бошланганидан дарак беради.




Байрамона безатилган мактаб ҳовлисида ўқувчилар бирин-кетин саф тортди. Кимнингдир қўлида гулдаста, кимдир янги сумкасини бағрига маҳкам босган. Айниқса, мактаб остонасидан илк бор қадам қўяётган биринчи синф ўқувчиларининг нигоҳларида ҳаяжон, қизиқиш ва беғубор қувонч акс этади. Улар учун бугун оддий кун эмас, балки болаликнинг янги саҳифаси очилаётган кун.

Бу йил Ўзбекистон бўйлаб 795 минг нафардан ортиқ бола биринчи синфга қабул қилинди. 2026/2027 ўқув йилида мамлакатдаги 10 минг 225 та умумтаълим мактабида 550 минг нафардан ортиқ ўқитувчи 6,7 миллиондан зиёд ўқувчига таълим-тарбия беради. Бугун янграган илк қўнғироқ ана шу миллионлаб ўқувчилар учун янги билимлар, янги мақсадлар ва янги марралар сари йўлнинг бошланишидан дарак берди.



Бугун, 2 сентябрь куни 298-сонли умумтаълим мактабида ҳам янги ўқув йили кўтаринки кайфиятда бошланди. Мактаб ҳовлисида ўқувчилар, ота-оналар ва устозлар жам бўлиб, Билимлар кунини байрамона қарши олди. Бу йил мактабнинг биринчи синфига 415 нафар ўқувчи қабул қилинди. Улар учун 12 та синф ташкил этилган бўлиб, шундан 4 таси ўзбек, 8 таси рус тилида таълим олади.




Янги ўқув йилида биринчи синф ўқувчиларини билим оламига етаклайдиган 36 нафар бошланғич синф ўқитувчиси иш олиб боради. Мактабда жами 139 нафар ўқитувчи фаолият юритиб, 3463 нафар ўқувчига таълим-тарбия бермоқда.



Бошланғич синфларда эса дарслар давлат таълим стандартлари асосида ташкил этилиб, ўқувчиларнинг қизиқишини ошириш мақсадида турли креатив ёндашувлар, мусобақалар ва тадбирларга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.


Мана, ҳовлида яна қўнғироқ садоси. Биринчи синф болалари устозлари ортидан синфхоналар сари йўл олмоқда. Кимдир илк бор партасига ўтиради, кимдир янги дўстлар орттиради, яна кимдир орзусига элтувчи биринчи билимларини олади.

Биринчи қўнғироқ чалинди. Янги ўқув йили бошланди. Мактабларда эса янги орзулар, янги умидлар ва янги ғалабалар тарихи ёзила бошлади.



Live
All