Янги Тошкент фақат янги уй-жой қуриладиган ҳудуд эмас – Президент

Local

−

image

Янги Тошкент фақат янги уй-жой қуриладиган ҳудуд эмас. У ер замонавий бизнес, таълим, тиббиёт, туризм ва хизмат кўрсатишни ўзига жалб этадиган мустақил иқтисодий марказга айланиши керак. Бу ҳақда бугун, 12 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Янги Тошкент қурилишини жадаллаштириш масалалари юзасидан инвестор ва тадбиркорлар билан ўтказилаётган очиқ мулоқотда маълум қилди.

Давлат раҳбари сўнгги ойда улар билан ўтказилган учрашувларда билдирилган таклифлар, ер ажратиш, рухсат олиш ва тўловлар билан боғлиқ муаммолар ўрганилганини таъкидлаган. 

Уч йил аввал бошланган ушбу лойиҳа доирасида давлат инфратузилма, стадион, университет ва кутубхона каби муҳим объектларга йирик маблағ йўналтирмоқда. Ҳозирга қадар Янги Тошкентга 2 миллиард доллардан ортиқ инвестиция киритилган. Шу билан бирга, қурилишга хусусий секторни жалб этиш суръатлари мавжуд имкониятларга мос эмаслиги қайд этилган. 

Янги шаҳар учун жами 20 минг гектар ер ажратилган. Биринчи босқичда 6 минг гектар майдонда 50 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган. Янги аэропорт билан бирга ҳудуднинг инвестиция салоҳиятини 200 миллиард долларгача етказиш мумкин. 

Ҳозир минг гектардан ортиқ майдонда асосан давлат маблағи ҳисобидан қурилиш кетмоқда. Тадбиркорларга эса бор-йўғи 94 гектар ер ажратилган.

“Янги Тошкент фақат янги уй-жой қуриладиган ҳудуд эмас”, дейди Президент. 

У ер замонавий бизнес, таълим, тиббиёт, туризм ва хизмат кўрсатишни ўзига жалб этадиган мустақил иқтисодий марказга айланиши керак. Лекин ҳозиргача ажратилган ерларнинг учдан икки қисми уй-жой лойиҳаларига тўғри келмоқда. 

Инвесторларга берилган 28 та лотда фаол қурилиш бошланмаган. Давлат раҳбари буни сармоядорларда маблағ ёки хоҳиш йўқлиги билан изоҳлаш тўғри эмаслигини айтган. Эскича талаблар, чўзиладиган рухсат жараёнлари ва айрим идораларнинг ҳамкор ўрнига назоратчи сифатида иш тутиши лойиҳаларга тўсиқ бўлмоқда. 

“Инвестор эса кутмайди. У кўмак ва кафолат сезмаса, маблағини бошқа бозорга йўналтиради”, дейди мамлакат етакчиси. 

Шу боис, тадбиркорга ер ажратишдан тортиб, лойиҳани ишга туширишгача бўлган жараён қайта кўриб чиқилиши зарурлиги таъкидланган. 

Айни пайтда Янги Тошкентда ерга талаб ортиб бормоқда. Бир гектарнинг ўртача қиймати 2024 йилда 10 миллиард сўмга етмаган бўлса, ҳозир 19 миллиард сўмга чиққан.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends