Янги қурилишлар Тошкентни ривожлантиришга хизмат қилиши керак – Саида Мирзиёева
Local
−
10:29 856 2 minutes
Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева пойтахтдаги қурилишлар юзасидан соҳа мутахассислари, етакчи ихтисослашган ижодий студиялар ҳамда олий таълим муассасалари вакиллари билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда бугун, 15 сентябрь куни Саида Мирзиёева ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Унда Президент Администрацияси раҳбари Тошкент шиддат билан кенгайиб бораётгани, шаҳарсозлик ва экология билан боғлиқ бугунги вазиятни инобатга олиб, унинг келажаги ҳар қачонгидан ҳам жиддий эътибор ва таҳлилни талаб қилаётганини қайд этган.

Шу мақсадда Саида Мирзиёева қатор йирик меъморий лойиҳалар ташаббускорлари, мустақил мутахассислар ва урбанистлар, етакчи ихтисослашган ижодий студиялар ҳамда олий таълим муассасалари вакиллари билан учрашув ўтказган.
“Биргаликда ечим топишимиз керак бўлган масалалар талайгина – муҳандислик коммуникациялари ва ижтимоий объектлар зиммасига катта юк тушаётганидан тортиб, электр ҳамда сув таъминоти муаммоларигача”, дейди Президент Администрацияси раҳбари

Шунингдек, у янги қурилишлар шаҳарни ривожлантиришга хизмат қилиши, қўшимча номутаносиблик келтириб чиқармаслиги ва ҳудудий тизимларни ортиқча зўриқтирмаслиги кераклигини ҳам айтиб ўтган.
Саида Мирзиёеванинг сўзларига кўра, қўйилган мақсадлар улкан бўлиб, Тошкентни ҳар бир ўзбекистонлик ҳамда шаҳар меҳмонлари учун янада қулай, кўркам, озода ва хавфсиз масканга айлантириш ниятида бўлган бизнес вакилларига кўмак берилади. Айнан шундай ёндашув Янги Ўзбекистон сиёсатига тўла мос келиши ҳам таъкидлаб ўтилган.

“Чунки бундай ташаббускор бизнесни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш – Президентимиз томонидан зиммамизга юклатилган энг асосий вазифалардан биридир”, дейди Саида Мирзиёева.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов бошчилигида шаҳарда дизайн-код борасида олиб борилаётган ишларни шармандали деб атаганди.
Live
All