Яманда ҳусийларга қарши умумий сафарбарлик эълон қилинди

World

−

image

Яман Вакиллар палатаси онлайн мажлисда Яман Президентлик кенгаши етакчиси Рашад ал-Алими томонидан ҳусийларга қарши туриш учун умумий сафарбарлик эълон қилиш бўйича киритилган илтимосномани маъқуллади. Бу ҳақда SABA хабар берди.

Қайд этилишича, ушбу чора эълон қилинган вақтдан эътиборан кучга киради ва уни қабул қилишга сабаб бўлган ҳолатлар бартараф этилгунига қадар амал қилади. Кенгаш баёнотига кўра, қарор умумий сафарбарликни тартибга солувчи Конституциянинг 37-моддасига, шунингдек миллий мудофаа, фавқулодда чоралар ва фуқаро муҳофазасига оид бошқа конституциявий ва ҳуқуқий қоидаларга асосланган.

Кенгаш, шунингдек, Саудия Арабистони бошчилигидаги Араб коалициясини қўллаб-қувватлашини тасдиқлаган ҳамда миллий бирликка ва сиёсий кучлар ҳаракатларини мувофиқлаштиришга чақирган.

Яман етакчиси 26 сентябрь куни умумий сафарбарликка чақириб, ҳукумат ҳусийлар назоратидаги ҳудудлар устидан назоратни қайта тиклаш ниятида эканини маълум қилган. Ал-Алими, шунингдек, гуруҳни минтақада ва ундан ташқарида низонинг янги эскалациясини келтириб чиқарганликда айблаган.

Маълумот учун, 2014 йилнинг сентябрь ойида исёнчи ҳусийлар Яман пойтахти Сано шаҳрини эгаллаб олган. Шундан сўнг, мамлакатда иккита ҳокимият маркази шаклланди: халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган ҳукумат асосан мамлакат жануби ва шарқини, ҳусийлар эса пойтахт Сано ҳамда шимол ва ғарбнинг катта қисмини назорат қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг август ойи бошида “Ансоруллоҳ” ҳаракати мамлакат жануби-ғарбида ҳужум бошлаганди, 10–11 сентябрь кунлари эса Моха порт шаҳри ва Боб ал-Мандаб бўғозига чиқиш йўлига эга бўлган ҳудудлар устидан назорат ўрнатди. Кейинги кунларда ҳукумат кучлари бўғоз ҳудудида бир қатор қарши ҳужумларни амалга оширди. Ҳусийлар эса Саудия Арабистонига ҳужумларни давом эттирмоқда.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends