“X кун” сценарийси. Биринчи маъмурият даврида мамлакатни тарк этган тадбиркор ҳикояси
Business
−
20:03 2841 6 minutes
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 19 август куни мамлакат тадбиркорлари билан ўтказган навбатдаги очиқ мулоқотида кўп йиллик тажрибага эга чемпион тадбиркорларга бизнес муҳитида охирги йилларда содир бўлган ўзгаришлар, 10 йил аввалги муҳит, тадбиркорларга нисбатан муносабат ва “маска шоу”лар ҳақида китоб ёзишни тавсия қилганди.
Йиғилишдан сўнг, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Россия ва Европа бозорларига етказиб бериш билан шуғулланиб келаётган “Ilyasov” кластери асосчиси Фахриддин Илёсов ўзининг Telegram-каналида бундан 14 йил аввал бошидан кечган ҳодисалар, қамалиши билан боғлиқ хавфлар, мамлакатдан бош олиб кетгани ҳақидаги хотираларини ёзди.
“2012–2013 йиллар. Бир куни уйда ўтирганимда дўстимиз Улуғбек аканинг укаси келиб, акасидан салом етказди. Ўша пайтда Улуғбек ака қамоқда эди. Суд жараёни ҳақида гапириб берди. Қўйилган айбловларнинг аксарияти судда ўз тасдиғини топмаган, фақат текширув натижасида ҳисобланган зарар қолган экан. Агар ўша зарар қопланса, Улуғбек ака суд залидан озод қилиниши мумкинлигини айтди. Бунинг учун ўша куни 76 миллион сўм тўлаш керак эди.
Бир дўстимиз орқали пулни ҳисоб рақамига туширдик. Айтилганидек, эртаси куни Улуғбек ака суд залидан озод бўлди. Ўша давр учун бу камдан-кам учрайдиган воқеа эди. Орадан кўп ўтмай, бир танишим қўнғироқ қилди:
– “Куратор”га телефон қилар экансиз, деб рақам берди.
Унинг борлигини ҳам, кимлигини ҳам билардим. Лекин ҳеч қачон гаплашмаган эдим. Ўша пайтларда, ҳатто юзини кўрмаган бўлсак ҳам, қайси соҳанинг “куратор”и кимлигини деярли ҳамма биларди.
Телефон қилдим.
– Янги олган дўконингни олдидаман, кел, деди.
Бу гапнинг ўзи билан у менга янги олган дўконим қаердалигини билишини кўрсатиб қўйди. Бордим.
– Сиз кўп ноқонуний ишлар қиляпсиз. Машиналарингизни сотиб ҳам қутула олмайсиз, деди.
Мен яхши машина минишни ёқтирардим. У эса машиналаримнинг маркаларигача айтиб берди.
– Орқа-олдингизга қараб иш қилинг, деб, аслида унчалик аҳамиятли бўлмаган бир масалани важ қилди.
Суҳбат шу билан тугади.
Лекин ўша даврни билган одам бундай суҳбатнинг таъсирини яхши тушунади. “МХХ чақиряпти” деган хабарнинг ўзи одамни уйдагилари билан хайрлашиб чиқишга мажбур қиладиган замонлар эди.
Шундан кейин турли одамлардан:
“Куратор” сени қамайман дебди, деган гаплар кела бошлади.
Нима учун менга бундай ўчакишиб қолганини, нима сабабдан мени душман деб қабул қилганини тушунмасдим. Ҳар куни хотинимга бир хил нарсани тушунтирардим:
– Агар қамалсам, қаерда қанча пул борлигини биласан. Шу пулни мен чиққунча етказишга ҳаракат қил. Ҳеч кимнинг олдига бориб, мен учун раҳм сўрама. Ожизлигингдан бирор терговчи ёки ходим фойдаланмасин. Болаларни тарбия қилиб, мени кут. Ҳеч ким билан ортиқча кўришма, ҳеч кимга ортиқча гапирма.
Биз оиламиз билан “Х кун” учун тайёр сценарийга эга эдик”.
Фахриддин Илёсов ўз хотираларини битишда давом этаркан, тасаввуридаги ёмон кун етиб келгани, уни олдиндан огоҳлантиришганини ёзган.
“Бир куни Тошкентда эдим. Кечаси соат 23:00 ларда телефон жиринглади. Қўнғироқ қилган одамни танирдим. Ходимлардан бири эди, синфдошимнинг курсдоши бўлгани учун бизнинг ошларга ҳам келиб турарди.
Овозимни таниган бўлсангиз, исмимни айтманг, деди.
Сўнг:
– Тошкентда экансиз?
– Ҳа.
– Тошкентда ишларингиз кўп бўлса керак. Ишларингизни қилиб туринг…
– Хўп. Тушундим.
Бир-икки соат Тошкент кўчаларида машина ҳайдаб юрдим. Кўп ўйладим. Маънан қамалишга тайёр эдим. Лекин нима учун қамалишимни тушунмасдим. Аслида, ўша вақтда сабаб бўлиши шарт ҳам эмасди.
“Қочиб юраманми?” – дедим-да, Фарғонага йўл олдим. Эрталабга яқин уйга кириб келдим. Ётиб ухладим. Туш пайти уйғонсам, телефонда жуда кўп ўтказиб юборилган қўнғироқлар бор. Яна кечаги рақамдан қўнғироқ бўлди.
– Фарғонага келибсиз?
– Ҳа.
– Бекор келибсиз. Тошкентда ишларингиз кўп эди, шуларни битириб турсангиз бўларди…
Бу сафар гапнинг маъносини янада аниқроқ тушундим. Кечаси бошқача ўйлаган одам эрталаб бошқача фикрлар экан. “Бу гапнинг ҳам бир хайри бордир”, – дедим.
Хотинимга:
Ўша “Х кун” келди. Келишган сценарийимиз бўйича иш тутасан, дедим.
Кийимларимни машинага солиб, Тошкент томон йўлга чиқдим. Жуда кўп одамлар қўнғироқ қилди. Ҳеч кимнинг телефонига жавоб бермадим.
Фарғонадан тахминан 15 километр узоқлашганимда яна ўша рақам қўнғироқ қилди:
– Чет элда ҳам ишларингиз бўлса керак…
– Тушундим, дедим.
Тошкентга етиб бориб, бир акамиз билан учрашдим. Унинг қариндошларидан бири МХХда раҳбарлардан эди. Вазиятни тушунтирдим ва имкони борича ёрдам беришини сўрадим. Қозоғистонда яшайдиган дўстимга қўнғироқ қилдим. У “Ғишткўприк” постида кутиб олишини айтди. Машинамни Тошкентда қолдириб, дўстим билан Қозоғистоннинг Тараз шаҳрига кетдим.
Уйдагилар билан WhatsApp орқали ёзишиб турдим. Хотиним ўша куни уйга формали одамлар келганини айтди. Мени қидиришган. Қаердалигимни сўрашган. Қўлларида мени қамаш кераклиги ҳақида қандайдир қоғозлар борлигини айтишган. Жаҳл билан бақириб, тўполон қилиб кетишган.
Кейин билишимча, ўша куни валюта олди-сотдиси бўйича махсус тадбир ўтказиб, мени ушламоқчи бўлишган экан. Ўша вақтда Россиядан газ ҳисоблагичлар олиб келиб сотардим. Конвертация имконияти амалда йўқлиги сабабли товарни нақд долларга сотардик. Мен бўлмаганим учун рухсат олинган тадбир амалга ошмай қолган ва кимлардир, ҳатто ҳайфсан ҳам олган экан.
Таразда дўстимнинг уйида уч кун қолдим. Уч кун – уч йилдек ўтди. Ўзимни қўярга жой тополмайман. Учинчи куни кечқурун Тошкентдаги акамиз қўнғироқ қилди:
– Ҳаммаси яхши. Қайтавер. Муаммо бўлмайди. Қолганини Тошкентда гаплашамиз.
Дўстим билан чегара томон йўл олдик. Чегара назоратидан ўтаётганда қаттиқ хавотирда эдим.
“Атай чақиртиришган бўлса-чи?” Ичимга ғулғула тушган.
Паспортимни бердим. Ходим ҳеч қандай муаммосиз муҳрни босди ва паспортни қайтарди.
Чегарадан чиқишим билан оқ кўйлак, қора шим кийган икки киши четга тортди:
– Бир дақиқага мумкинми? деб чақирди.
Юрагим тушиб кетди. Мана, ўша сония. Қўлга тушдим… Бутун ҳаётим бир зумда кўз олдимдан ўтгандек бўлди. Уларнинг олдига бордим.
– Статистика юритяпмиз. Қозоғистоннинг қайси шаҳрига бордингиз? деб сўради.
Гапини эшитиб портлаб кетай дедим. Сўкинишни ҳам, хурсанд бўлишни ҳам билмай қолдим.
Чегарадан ўтгач, масалани ҳал қилишга ёрдам берган акамизнинг олдига бордим.
У менга бир одамнинг телефонини берди:
– Бориб учрашасан.
Учрашдим. У одам:
– Биз сизнинг ҳужжатларингизни – “дело”нгизни – Тошкентга сўраб олдик. Энди қайтиб сизни безовта қилишмайди. Бориб ишингизни қилаверинг, деди.
Ишим Фарғонадан Тошкентга кўчганидан хафа бўлишни ҳам, хурсанд бўлишни ҳам билмасдим.
Шундан кейин уйга бордим. Оиламни олиб аввал Тошкентга, кейин эса Уфага кўчиб кетдим. Уфада уй қурдим. Ўша ерда ҳам тадбиркорлик қилдим. Ўзбекистонга қайтиб келишни хаёлимга ҳам келтирмас эдим.
Йиллар ўтиб, асл сабабни билдим. Улуғбек акани қамоқдан чиқаришда ёрдам берганимиз учун менга ўчакишиб қолишган экан. Яъни, мени кимгадир қарши чиққан одам сифатида қабул қилишган.
Сунъий равишда ўзларига душман ясаб, кейин ўша “душман” билан кураша бошлашган.
Ажойиб замонлар бўлган, қаранг… Бугун эса…
2016 йилдан кейин ҳам ўзгаришларга скептик қарардим. 2018 йилда бошланган ислоҳотларга ишониб, Ўзбекистонга қайтиб келдик.
Президентимиз китоб ёзинглар дегандан кейин, ҳаммасини эслаб, худди ёмон туш кўргандек бўлдим. Ахир ҳеч нарса ўзгармаслиги ҳам мумкин эди. Аммо Президентимиз вазиятни ўзгартириш учун ўзида ирода ва шижоат топди. Бир вақтлар беркиниб, эртанги кунидан хавотирда яшаган тадбиркорлар бугун давранинг тўрида. Улар Президент билан очиқ мулоқот қиляпти, муаммоларини айтиб, таклифларини билдиряпти.
Ўша йилларда бу ҳақда ҳатто орзу қилиш ҳам қийин эди. Бугун эса тадбиркорларнинг алоҳида байрам куни бор. Ўтган даврдан чиқарган сабоқларимиз ва бугунги имкониятлар учун Президентимизга ташаккур айтаман.
“Қийинчиликлар бўлади. Муаммолар ҳам тугамайди. Лекин энг муҳими – ҳаракат қилиш имконияти бор. Тўхтаманглар!”
Live
All