Volkswagen Porsche заводларидаги минглаб ишчиларни бўшатмоқчи
World
−
18:01 783 1 minute
Таркибига Porsche ҳам кирувчи Германиянинг Volkswagen автомобилсозлик концерни Porsche заводларида тахминан 4,1 мингта иш ўрнини қисқартиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда манбаларга таяниб, “Handelsblatt” газетаси хабар берди.
“Porsche бренди учун Вольфсбург (Volkswagen концерни қароргоҳи) режасида “тахминан 4,1 мингта иш ўрнини” қисқартириш назарда тутилган”, дейилади газета хабарида.
“Handelsblatt” маълумотларига кўра, ушбу режа маблағларни тежашга қаратилган бўлиб, чора-тадбирлар “амалдаги келишувларга қўшимча равишда” қўлланилади. Бу аввалроқ келишилган штат қисқартиришларига қўшимча равишда Porsche’нинг 4 мингдан ортиқ ходими бўшатилишини англатади.
“Handelsblatt”нинг қайд этишича, шу тариқа, аввалги чора-тадбирлар ҳисобга олинганда, компания корхоналарида дастлабки қарийб 23 мингта иш ўрнидан умумий ҳисобда 9 мингтаси қисқартирилади. Бунинг эвазига Porsche “2035 йилгача ташкилий сабабларга кўра ишдан бўшатишларни истисно этади” ва “Цуффенхаузен ҳамда Вайссахдаги ишлаб чиқариш майдончалари сақланиб қолишини кафолатлайди”.
Шу билан бирга, компаниянинг айнан қайси заводлари қисқартириш режаларига тушиши ҳозирча номаълумлигича қолмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Volkswagen компанияси харажатларни камайтириш мақсадида 50 мингта иш ўрнини қисқартириш ва автомобиль моделларининг қарийб ярмини ишлаб чиқаришни тўхтатишни режалаштираётгани ҳақида хабар берилган эди.