ЎзПФЛ “Динамо” клубининг ҳакамлик бўйича баёнотини ўринли деб ҳисоблади

Sport

image

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси (ЎзПФЛ) Суперлиганинг 22-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Динамо” учрашувидаги баҳсли вазиятлар юзасидан “Динамо” клуби матбуот хизмати томонидан эълон қилинган видеоматериал ва унда кўтарилган саволларни ўринли деб ҳисоблашини маълум қилди.

Лига хабарига кўра, 2026 йилги мавсумда профессионал футбол учрашувларида фаолият олиб бораётган ҳакамларнинг айрим эпизодларда йўл қўяётган хатолари хавотир уйғотмоқда.

“2026 йилги мавсумда профессионал футбол учрашувларида фаолият олиб бораётган ҳакамларнинг айрим эпизодларда йўл қўяётган хатолари Лигани ҳам хавотирга солмоқда. Айниқса, ўйин натижасига бевосита таъсир кўрсатаётган хатоларнинг давомли содир этилаётгани Суперлигага бўлган ишончга салбий таъсир кўрсатмоқда. Шуни ҳисобга олган ҳолда, Лига ўз ваколати доирасида ички суриштирув ишларини Суперлига 6-туридан кейиноқ бошлаган. Жумладан, ҳакамларнинг халқаро майдондаги фаолияти ҳам қайта кўриб чиқилиши зарурлиги масаласини кўтарган”, дейилади ЎзПФЛ баёнотида.

Шу ўринда Лига ҳакамларнинг учрашувлардаги фаолияти Эксперт ҳакамлар қўмитаси томонидан таҳлил қилинишини ҳам эслатиб ўтган. Ўйинларда паст баҳо олган ёки жиддий хатога йўл қўйган рефериларга нисбатан жазо чораси эса Лига томонидан эмас фақат ЎФА Ҳакамлар қўмитаси томонидан кўриб чиқилиши маълум қилинган.

Шундан келиб чиқиб, Лига ЎзФҲМ ва умуман ҳакамлик соҳаси тизимида жиддий ўзгаришларни амалга ошириш лозимлиги, бунда қандай механизмларни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ экани борасидаги ўз позициясини ЎФА раҳбариятига тақдим этишини ҳам айтиб ўтган.

ПФЛ баёнотига кўра, “Динамо” футбол клуби Суперлига регламентида белгиланган тартиб бўйича “Қўқон-1912” ва “Навбаҳор” билан ўйин якунида расмий шикоят аризаси киритмаган. Эътироз фақат клуб матбуот хизмати томонидан кенг жамоатчиликка олиб чиқилган.

Бироқ шунга қарамай ПФЛ “Динамо” клуби матбуот хизматининг шубҳа ва эътирозларида жон бор деб ҳисоблашини айтиб ўтган ва клуб раҳбариятини бу каби ҳолатларга регламент асосида муносабат билдиришга чақирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанднинг “Динамо” клуби “Навбаҳор”га қарши учрашувдан кейин Суперлигадаги ҳакамликдан норози эканини билдириб, баҳсли эпизодлар юзасидан ЎзПФЛни текширувга чақирганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends