Ўзини лорднинг хотини қилиб кўрсатган оқсоч қимматбаҳо буюмларни ўмарди
World
−
15 June 6323 3 minutes
Россиянинг Москва шаҳри Замоскворецкий суди қимматбаҳо соатлар ва пул маблағларини ўғирлаш, шунингдек, фирибгарликда айбланаётган хизматкор аёл Людмила Фармерни 5 йилга озодликдан ҳукм қилди. Бу ҳақда ТАСС танишган суд ҳужжатларида келтирилган.
“Фармер Людмила Викторовна Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 159-моддаси 1-қисми (ишончни суиистеъмол қилиш орқали фирибгарлик) ва 158-моддаси 4-қисми “б” бандида (ўта йирик ҳажмдаги ўғрилик) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилсин ва жиноятлар мажмуи бўйича жазоларни қисман қўшиш орқали унга жарима билан бирга умумий тартибли ахлоқ тузатиш колониясида 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлансин”, дейилади ҳужжатда.
Апелляция инстанцияси суди Фармерни даъво муддати ўтганлиги сабабли фирибгарлик учун берилган жазодан озод қилган ва ҳукмдан жиноятлар мажмуи бўйича жазо тайинлаш ҳақидаги кўрсатмани чиқариб ташлаган, бироқ ҳукмнинг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилган.
Суднинг аниқлашича, Фармер Москвадаги ўша пайтда таъмирланаётган икки қаватли хонадонни тозалаш учун хизматкор сифатида ишга ёлланган. Уй эгалари таътилга кетган, Фармер эса уйга кириш имконига эга бўлиб, хонадонни тозалаши, айрим маиший масалаларни назорат қилиши ва мессенжер орқали уй бекаси билан алоқада бўлиб туриши керак эди. Жабрланувчи билан танишаётганда Фармер Буюк Британияда доимий яшаш ҳуқуқига эга эканлиги, турмуш ўртоғи билан дунё бўйлаб саёҳат қилгани, эрининг банкда ишлаши ҳақида гапириб берган ва ўзини интерьер дизайнери сифатида таништирган.
2023 йилнинг август ойида уй эгаларининг йўқлиги ва ўз ҳаракатлари назорат қилинмаётганидан фойдаланиб, Фармер ётоқхонадан яширинча бир нечта қимматбаҳо қўл соатларини, жумладан, Rolex, Cartier ва Audemars Piguet брендларини, шунингдек, пул маблағларини ўғирлаган. У мулкнинг бир қисмини ломбард орқали тасарруф этган: у ерда 800 минг рубль кредит гарови эвазига Rolex Submariner соати, 200 минг рубль кредит гарови эвазига Cartier соати ҳамда 250 минг рубль кредит гарови эвазига яна бир Rolex соати қабул қилинган. Шунингдек, Фармердан 900 минг рубль кредит гарови эвазига Audemars Piguet соати ҳам қабул қилинган. Ломбард ходимасининг судга маълум қилишича, Фармер соатларни топшираётганда уларни ўзи ва вафот этган эри – Буюк Британия фуқаросининг шахсий мулки сифатида тақдим этган ва ўзини собиқ лорднинг хотини эканлигини даъво қилган.
Бундан ташқари, Москванинг Замоскворецкий суди Фармерни фирибгарликда ҳам айбдор деб топган. 2023 йил август ойи охирида у мессенжер орқали уй бекасига гўёки хонадонда бўлиб, тозалаш ишларини бажараётгандек таассурот қолдирувчи хабарлар юбориб турган. Ушбу хабарлар асосида жабрланувчи унга иш ҳақини ўтказиб берган, бироқ суд ўша кунлари Фармер аслида иш жойида бўлмагани ва иш бажармаганини аниқлаган.
Судланувчи ўз айбини тан олмаган. У мулкни ўғирламаганини, балки қимматбаҳо соатлар ва заргарлик буюмларини гўёки уй бекасининг илтимосига биноан ломбардга топширганини даъво қилган. Шунингдек, у иш ҳақини ҳақиқатда ишлаган вақти учун олганини, жумладан, унинг сўзларига кўра, бошқа вақтда ишлаб бериш орқали қопланган кунлар учун тўланганини билдирган.
Live
All