Ўзбекистонлик ёзувчи Нобель учун номзодлар рўйхатига кирди
Art & Culture
−
17:09 713 1 minute
Ўзбекистонлик ёзувчи Ҳамид Исмоилов 2026 йилги адабиёт бўйича Нобель мукофотини қўлга киритиши мумкин бўлган адиблар қаторига кирди. Бу ҳақда “Literary Hub” хабар берди.
Қайд этилишича, мазкур рўйхат Нобель мукофоти қўмитасининг расмий номзодлар рўйхати эмас. Унда Ҳамид Исмоилов билан бирга бошқа кўплаб таниқли адиблар ҳам бор. Улар орасида Ҳаруки Мураками, Маргарет Этвуд, Салмон Рушди, Жоан Роулинг, Стивен Кинг ва бошқа ёзувчилар қайд этилган.
Маълумот учун, Ҳамид Исмоилов 1954 йил 5 май куни Қирғизистоннинг Тўқмоқ шаҳрида туғилган. У 1992 йилда Ўзбекистондан Буюк Британияга кетган ва BBC Жаҳон хизматида 25 йил фаолият юритган.
Ёзувчининг асарлари ўзбек, рус, француз, немис, турк ва бошқа тилларда нашр этилган. У ўзбек адабиёти намуналарини бошқа тилларга, жаҳон адабиёти асарларини эса ўзбек тилига таржима қилган. Исмоиловнинг “Жинлар базми” романи 2018 йилда инглиз тилида нашр этилган. Асар 2019 йилда Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг EBRD Адабий мукофоти билан тақдирланган.
Жорий йилги адабиёт бўйича Нобель мукофоти совриндори 8 октябрь куни эълон қилиниши кутилмоқда. Мукофот соҳиби 12 миллион швед кронаси миқдоридаги пул мукофотини олади.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилда адабиёт бўйича Нобель мукофоти венгриялик ёзувчи Ласло Краснахоркаига берилган эди.