Адабиёт бўйича Нобель мукофоти ғолибаси эълон қилинди
Interesting
−
16:23 1556 3 minutes
Бугун, 8 октябрь куни Нобель қўмитаси адабиёт бўйича Нобель мукофоти лауреатини эълон қилди. Унга “классик анъаналар билан эркин мулоқотда замонавий адабиёт учун янги шаклларни яратган журъатли ва ижодкорона асарлари учун” канадалик ёзувчи Энн Карсон сазовор бўлди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.
Нобель мукофотининг бу йилги лауреати Энн Карсон 1950 йилда Канаданинг Торонто шаҳрида туғилган. 1981 йилда у классик филология бўйича “Odi et Amo Ergo Sum” номли докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. Бутун фаолияти давомида эса шеър ёзишни таржимонлик фаолияти ҳамда турли университетларда дарс бериш билан биргаликда олиб борган.
Унинг деярли бутун адабий ижоди икки нарсанинг кесишишига қаратилган: филологнинг сўзларга бўлган қизиқиши ва шоирнинг уларга янги маънолар бағишлашга бўлган интилиши. Карсоннинг ўзи сўзлар этимологиясини бутун ижодининг бошланғич нуқтаси деб атайди.
Энн Карсон бир неча йил Монреалда яшаган ҳамда Макгилл университетида, Мичиган университетида ва Принстон университетида (1980 йилдан 1987 йилгача) дарс берган. У 1998 йилги Гуггенхайм стипендиати, 2000 йилда эса Мак-Артур стипендияси соҳиби ҳисобланади. Шунингдек, Ланнан адабий мукофоти лауреатидир. 2014 йилда у “Red Doc>” тўплами учун Гриффин шеърият мукофотини олган ва XXI асрнинг ажойиб шоираси сифатида тан олинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ўтган йили адабиёт соҳасидаги лауреат венгриялик ёзувчи Ласло Краснохоркаи бўлган эди. У “апокалиптик ваҳима фонида санъат кучини тасдиқлайдиган таъсирли ва башоратли ижоди учун” ушбу мукофотга сазовор бўлганди.
Нобель ҳафталиги
Жорий йилнинг, 5 октябрь куни 2026 йилги Нобель мукофотлари лауреатларини эълон қилиш ҳафталиги бошланди. Ҳафталик жадвали қуйидагича:
- Физиология ва тиббиёт – душанба, 5 октябрь;
- Физика – сешанба, 6 октябрь;
- Кимё – чоршанба, 7 октябрь;
- Адабиёт – пайшанба, 8 октябрь;
- Тинчлик мукофоти – жума, 9 октябрь;
- Иқтисодиёт фанлари – душанба, 12 октябрь.
Ҳаммаси қандай бошланган эди?
Ихтирочи, тадбиркор ва бизнесмен Альфред Нобель ўз васиятида капиталини инсониятга энг катта наф келтирганлар учун мукофотларга йўналтиришни буюрган эди. Мукофот билан у энг кўп қизиққан соҳалар: физика, кимё, физиология ва тиббиёт, адабиёт ва тинчлик йўналишидаги алоҳида ютуқлар эътироф этилар эди.
Кейинчалик ушбу ғояни амалга ошириш бўйича узоқ муддатли ишлар бошланди ва 1901 йилдаёқ дастлабки Нобель мукофотлари топширилди. 1969 йилда яна бир мукофот – Швеция марказий банки томонидан ўзининг уч юз йиллик юбилейи муносабати билан таъсис этилган Альфред Нобель хотирасига бағишланган иқтисодиёт фанлари бўйича мукофот пайдо бўлди. Янги лауреатларнинг номлари ҳар йили октябрь ойида эълон қилинади.
Нобель жамғармаси уставига кўра, ҳар бир лауреат олтин медаль олади. Унинг олди томонида Альфред Нобель портрети зарб қилинган бўлиб, орқа томонининг дизайни мукофотни айнан қайси муассаса топширишига боғлиқ.
Ҳар бир диплом бетакрор санъат асари – унинг безатилишини лауреат ташкилотлар тасдиқлайди. Адабиёт соҳасидаги ҳужжат пергаментда (махсус ишлов берилган чармда) ўрта аср иллюстраторлари техникасидан фойдаланган ҳолда яратилади. Бошқа лауреатлар учун дипломлар буюртма асосида тайёрланган қўл иши қоғозида чоп этилади.
Бугунги кунда битта Нобель мукофотининг миқдори 12 миллион швед кронасига (1,2 млн доллар) тенг. Мукофот кўпи билан учта лауреат ўртасида бўлиниши мумкин.
Live
All