Ўзбекистонлик 63 яшар аёлни ўлдириб, стречга ўраб қўйган ошиқ умрбодга қамалди

Crime

image
Рафиқасини бўғизлаган ҳамюртини уйига киритган ўзбекистонлик ҳам қамалиши мумкин north_east

Рафиқасини бўғизлаган ҳамюртини уйига киритган ўзбекистонлик ҳам қамалиши мумкин

Ўзбекистонлик 63 яшар аёлни ўлдириб, “стреч”га ўраб қўйган туркиялик маъшуқ суд томонидан оғирлаштирилган умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда Туркия матбуоти ёзмоқда. 

Ушбу ваҳший қотиллик 2025 йилнинг 21 июнь куни содир бўлган. Туркиянинг Чаноққалъа вилояти Эсенлер маҳалласида истиқомат қилган Ўзбекистон фуқароси Динара Аля Урқосимовадан уч давомида хабар ололмаган яқинлари полицияга мурожаат қилган. 

Хабарга кўра, полиция ходимлари Урқосимова рўйхатда турган манзилга етиб келган. Уй эшигини марҳуманинг севгилиси экани маълум бўлган 48 ёшли Метин Капусуз очгач, уйда тинтув ўтказилган. Гумонланувчи қулфланганини айтган массаж хонасида ўтказилган кўздан кечириш чоғида марҳуманинг жонсиз танаси топилган ва гумонланувчи Метин Капусуз воқеа жойида қўлга олиниб, суд қарори билан ҳибсланган. 

Чаноққалъа Республика Бош прокуратураси томонидан олиб борилган терговдан сўнг, судланувчига нисбатан “аёл кишини қасддан ўлдириш” моддаси бўйича оғирлаштирилган умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини сўраб айблов хулосаси тайёрланган. Иш бўйича биринчи суд мажлиси 2026 йил 12 июнь куни Чаноққалъа 2-сонли Ўта оғир жиноятлар бўйича судида бўлиб ўтди.

Судда гумонланувчи Метин Капусуз, жабрланувчилар, томонларнинг адвокатлари ва Динара Аля Урқосимованинг яқинлари иштирок этган. Судда гувоҳлар ва марҳуманинг акасининг кўрсатмалари тинглангач, суд қаршисига чиққан айбланувчи ўзига қўйилган айбловларни рад этиб, камдан-кам учрайдиган ҳимоя усулини қўллаган. 

У ҳимоя нутқида ўзининг айбсизлигини таъкидлаб, шундай деган: 

“Аля хонимни мен ўлдирмадим. Ўзимга қўйилган айбловни тан олмайман. Мен уни қатъиян ўлдирмаганман. Ўлганидан кейин ўраб қўйдим. Сўнгра телефонимдаги маълумотларни ўчириб ташладим. Мен айбсизман, оқланишимни талаб қиламан”. 

Судланувчининг айбловни рад этишга қаратилган ҳимоя нутқини ва иш материалларидаги аниқ далилларни кўриб чиққан Чаноққалъа 2-сонли Ўта оғир жиноятлар бўйича суд ҳайъати қисқа вақт ичида ўз ҳукмини эълон қилди. Суд ҳайъати судланувчи Метин Капусузнинг ўзига қўйилган “қасддан қотиллик” жиноятини содир этгани исботланган деб топиб, жазони енгиллаштирувчи ҳеч қандай ҳолатни қўлламасдан, уни оғирлаштирилган умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта 2025 йилнинг йилнинг 17 август куни Туркиянинг Истанбул шаҳри Умрония туманида ўзбекистонлик 33 яшар Нигина Сатторова турмуш ўртоғи Умид Сатторов томонидан бўғзидан пичоқлаб ўлдирилиши бўйича суд мажлиси бошланиб, давлат айбловчи ушбу жиноятни содир этган Сатторовга нисбатан умрбод оғирлаштирилган қамоқ жазоси тайинлашни сўраган эди. Гумонланувчини ўз уйида яширишда айбланаётган Ўринбой Ботирбеков ҳам қўлга олинган бўлиб, прокурор унга 20 йилгача қамоқ жазоси сўрамоқда. 


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends