Ўзбекистонда йилига 1 млн тонна балиқ етиштириш режалаштириляпти
Local
−
20 October 582 2 minutes
Ўзбекистонда интенсив усулдаги балиқчиликни кенгайтириб, йилига 1 миллион тонна балиқ етиштириш вазифаси қўйилди. Бу ҳақда бугун, 20 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган интенсив балиқчилик лойиҳаларини жадаллаштириш ва энерготежамкор лимончилик иссиқхоналарини ташкил этиш бўйича тақдимотда сўз боради.
Қайд этилишича, мамлакатда интенсив усулдаги балиқчиликни кенгайтириб, йилига 1 миллион тонна балиқ етиштириш вазифаси қўйилган. Тақдимотда бу мақсадга эришиш учун мелиоратив тик қудуқлар имкониятидан фойдаланиш режалари Балиқчи тумани мисолида кўриб чиқилган.
Тумандаги 24 та қудуқ атрофида чавоқ ва озуқа таъминотидан тортиб, балиқ етиштириш, қайта ишлаш, сақлаш ва сотишгача бўлган жараёнларни қамраб олувчи интенсив балиқчилик мажмуаларини ташкил этиш режалаштирилган. Ҳар бир 50 сотихлик лойиҳада йилига камида 30 тонна форель балиғини етиштириш ва 10 та иш ўрни яратиш кўзда тутилмоқда.
Лойиҳаларни ягона тизимда бошқариш учун балиқчилик холдингини ташкил этиш таклиф қилинган.
Балиқчи тажрибасини бошқа ҳудудларга татбиқ этиш мақсадида 2027 йил 1 мартга қадар республикадаги 4 мингдан зиёд мелиоратив тик қудуқни хатловдан ўтказиш топширилган. Балиқ етиштиришга яроқли қудуқларни илғор тадбиркорларга давлат-хусусий шериклик асосида бошқарувга бериш назарда тутилмоқда. Шунингдек, Хонободда совуқ сув балиқларини етиштириш ва қайта ишлаш, Улуғнорда эса сув ҳавзалари негизида балиқчилик лойиҳаларини амалга ошириш режалари ҳақида ахборот берилган.
Тақдимотнинг иккинчи қисми Балиқчи тумани мисолида лимончиликни ривожлантиришга бағишланган. Тумандаги тўққизта маҳалла атрофидаги 100 гектар майдонда энерготежамкор иссиқхоналар қуриб, уларни тайёр ҳолда тадбиркорларга таклиф этиш режалаштирилмоқда. Лимон етиштириш, саралаш, қайта ишлаш, қадоқлаш, сақлаш ва сотиш ишлари ягона кооперация занжирига бирлаштирилади.
Лойиҳага ишсиз ва камбағал оилаларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратилган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 500 та иссиқхонада маҳаллий оилалардан камида 1 минг нафар киши иш билан таъминланади. Лимон кўчатлари ҳосилга киргунига қадар оралиқ экинлар етиштириш орқали қўшимча даромад олиш мумкин бўлади.
Балиқчи тажрибаси асосида келгуси йил ҳудудларда жами 200 гектар майдонда камбағал оилалар ва ишсизлар учун энерготежамкор иссиқхона мажмуаларини барпо этиш режалаштирилган. Бу икки мингта оиланинг даромадини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Тақдимот якунида давлат раҳбари камбағалликни қисқартиришга қаратилган ушбу лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш, аҳолини балиқчилик ва лимончиликка ўқитиш харажатларини қоплаб бериш чораларини кўриш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берган.
Live
All20 October