Ўзбекистонда янги инвестиция воситалари жорий этилади. Нималар ўзгаради?
Local
−
20:56 518 4 minutes
Ўзбекистонда капитал бозорига янги молиявий воситаларни олиб кириш, жумладан, сукук, фьючерс, форвард, своп ва опционларни чиқариш ҳамда муомалага киритишнинг ҳуқуқий асослари яратилади. Бу ҳақда “Капитал бозори тўғрисида”ги қонун лойиҳасига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Қайд этилишича, мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан ишлаб чиқилган. Ҳужжат 16 та боб ва 123 та моддадан иборат бўлиб, 2015 йилдаги “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги қонун нормаларини замонавий бозор талабларига мослаштириш асосида тайёрланган.
Янги қонун лойиҳасида капитал бозори молиявий воситалари турларини кенгайтириш назарда тутилган. Хусусан, опцион, своп, фьючерс, форвард ва нархлар фарқи шартномаси каби ҳосила молиявий воситалар, шунингдек, қопланган облигациялар, секьюритизацияланган облигациялар, барқарор ривожланиш облигациялари ҳамда ислом молияси тамойилларига мос сукук қимматли қоғозларини чиқариш тартиби белгиланади.
Таъкидланишича, ушбу воситалар инвесторлар учун рискларни бошқариш ва инвестиция портфелини диверсификация қилиш имкониятларини кенгайтиради. Режага кўра, замонавий молиявий воситаларни жорий этиш орқали 2030 йилгача фонд бозорига 10 триллион сўм миқдорида инвестиция жалб қилиш кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, қонун лойиҳасида капитал бозорига узоқ муддатли институционал ва хусусий инвесторларни жалб этишни рағбатлантирувчи солиқ имтиёзлари ҳам назарда тутилган. Хусусан, айрим инвестиция фондлари даромадларини, қопланган ва секьюритизацияланган облигациялар бўйича айрим операцияларни солиққа тортишдан озод қилиш, шунингдек, 2038 йилгача хўжалик жамиятлари облигациялари ва сукук қимматли қоғозлари бўйича айрим даромадларга солиқ имтиёзлари бериш режалаштирилган.
Қонун лойиҳасида ислом молияси тамойилларига мувофиқ сукук қимматли қоғозларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилган. Унга кўра, сукукнинг ҳуқуқий хусусиятлари, уларни чиқариш ва муомалага киритиш механизмлари белгиланади. Шунингдек, шерикчилик, ижара, савдо ва агентлик сукукларининг асосий турларини тартибга солиш кўзда тутилган. Инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида сукук эгалари вакили институти ҳамда сукукнинг ислом молияси стандартларига мувофиқлигини тасдиқлаш механизми жорий этилади.
Қонун лойиҳасида капитал бозори инфратузилмасини ривожлантириш ва профессионал иштирокчилар фаолиятини халқаро стандартларга мослаштириш бўйича қатор янгиликлар ҳам назарда тутилган. Жумладан, кастодиан фаолиятини лицензиялаш, рейтинг агентликлари, бошқарув компаниялари ва инвестиция фондлари фаолиятини рухсатнома асосида тартибга солиш, марказий контрагент институтини жорий этиш таклиф этилмоқда.
Бундан ташқари, ўзини ўзи тартибга солувчи ташкилотлар ва “облигация эгалари вакили” институтларини ташкил этиш, инвесторларни, жумладан, “малакали инвесторлар”ни тоифалаш ҳамда Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсининг ваколатларини кенгайтириш кўзда тутилган.
Шунингдек, ваколатли органнинг назорат ваколатларини кенгайтириш, молиявий санкцияларни мустақил қўллаш ва қонунчиликда белгиланган ҳолларда банк сирини ташкил этувчи маълумотларни олиш имкониятини яратиш режалаштирилмоқда.
Қонун лойиҳасида Ўзбекистон ҳудудида халқаро молия институтлари облигацияларини чиқариш, маҳаллий компанияларнинг хорижий капитал бозорларига чиқиши учун шарт-шароит яратиш ҳам назарда тутилган.
Маълумотларга кўра, сўнгги йилларда Ўзбекистонда капитал бозори кўрсаткичларида ўсиш кузатилган. Акциялар эмиссияси 2023 йилдаги 189,7 триллион сўмдан 2025 йилда 265,1 триллион сўмга етган. 2026 йил 1 июль ҳолатига бу кўрсаткич 269,4 триллион сўмни ташкил этган.
Корпоратив облигациялар эмиссияси эса 2023 йилдаги 1,06 триллион сўмдан 2025 йилда 3,93 триллион сўмга, 2026 йил 1 июль ҳолатига эса 7 триллион сўмдан ошган. Фонд биржасидаги умумий савдолар ҳажми 2023 йилдаги 2,9 триллион сўмдан 2025 йил якунида 17,6 триллион сўмга етиб, қарийб 6 баробар ошган.
Қонун лойиҳаси Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Халқаро молия корпорацияси, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, БМТ Тараққиёт дастури, IOSCO, АҚШ Савдо вазирлиги ҳамда Қимматли қоғозлар ва биржалар комиссияси билан ҳамкорликда тайёрланган.
Лойиҳанинг қабул қилиниши мамлакат иқтисодиётига қўшимча инвестицияларни жалб қилиш, аҳоли ва бизнес учун янги молиявий имкониятлар яратиш ҳамда капитал бозорини халқаро стандартларга мослаштиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Live
All