Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи қарийб 7,3 млн сўмга етди

Interesting

−

image

Ўзбекистонда 2026 йил январь-сентябрь ойларида ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 7 млн 274,1 минг сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18 фоизга ўсди. Шу билан бирга, илк бор реалликка яқин медиана иш ҳақи эълон қилинди. Унга кўра, республика бўйича медиана иш ҳақи 4 млн 166,3 минг сўмни ташкил этди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси томонидан эълон қилинган ҳисоботда сўз боради.

Қайд этилишича, ҳудудлар бўйича ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи миқдори тўғрисидаги маълумотлар 2026 йилнинг январь-сентябрь ойлари учун келтирилган бўлиб, 2025 йилнинг мос даври билан таққосланган.

Ҳудудлар кесимида ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи Тошкент шаҳрида 12 млн 300,8 минг сўмга тенг бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18,3 фоизга ўсган. Шунингдек, бу кўрсаткич Наманган вилоятида 5 млн 395,9 минг сўмни, Жиззах вилоятида 5 млн 506,4 минг сўмни, Тошкент вилоятида 6 млн 889,9 минг сўмни, Бухоро вилоятида 5 млн 840,9 минг сўмни, Фарғона вилоятида 5 млн 383,3 минг сўмни ва Қорақалпоғистон Республикасида 5 млн 676,8 минг сўмни ташкил этган. 

Шу билан бирга, ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи Қашқадарё вилоятида 4 млн 969,7 минг сўм, Хоразм вилоятида 5 млн 623,2 минг сўм, Сирдарё вилоятида 5 млн 736 минг сўм, Андижон вилоятида 5 млн 765,4 минг сўм, Навоий вилоятида 8 млн 820,5 минг сўм, Сурхондарё вилоятида 4 млн 988,9 минг сўм ҳамда Самарқанд вилоятида 5 млн 373,4 минг сўм миқдорида қайд этилиб, бошқа ҳудудларга нисбатан ўсиш суръати пастроқ эканлиги кузатилган.

Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларидаги иқтисодий фаолият бўйича ўртача ойлик номинал иш ҳақи миқдори 2025 йилнинг мос даврига нисбатан таққосланган. Бу таққослаш орқали соҳалар кесимида фарқлар ва ўзгаришлар таҳлил қилинган.

Ўртача ойлик номинал иш ҳақи иқтисодий фаолият турлари бўйича таҳлил қилинганда, энг юқори ўсиш суръати ташиш ва сақлаш соҳасида қайд этилган. Хусусан, мазкур соҳада 2025 йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 119,8 фоизни ташкил этиб, иш ҳақи миқдори 11 млн 269,2 минг сўмга етган. 

Шунингдек, таълим соҳасида ҳам сезиларли ўсиш қайд этилиб, иш ҳақи миқдори 5 млн 15,2 минг сўмни ташкил этган (ўсиш – 19,6 фоиз). Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасида ўртача иш ҳақи 4 млн 454,2 минг сўмни ташкил этиб, 18,2 фоизга ўсган. Банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик фаолияти йўналишида эса ўртача ойлик иш ҳақи 19 млн 712,6 минг сўмни ташкил этиб, 2025 йилнинг январь-сентябрига нисбатан 17,8 фоизга ошгани қайд этилган. Шу билан бирга, қурилиш соҳасида ўртача ойлик иш ҳақи 7 млн 138,1 минг сўм (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 16,8 фоизга ошди), саноат соҳасида 8 млн 365,9 минг сўм (14,4 фоизга), ахборот ва алоқа соҳасида ўртача иш ҳақи 17 млн 6,9 минг сўм (13,0 фоизга), санъат, кўнгил очиш ва дам олиш йўналишида 5 млн 732,8 минг сўм (12,1 фоизга), яшаш ва овқатланиш бўйича хизматлар соҳасида 5 млн 359,2 минг сўм (11,4 фоизга), савдо соҳасида эса ўртача ойлик иш ҳақи 7 млн 694,4 минг сўмни ташкил этиб, 11 фоизга ўсган. 

Медиана иш ҳақи

Медиана иш ҳақи 2026 йил январь–август ойлари учун келтирилган, чунки ҳисобкитобда фойдаланилган “Меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар” маъмурий маълумотлари сентябрь ойи бўйича шахслар кесимида ҳали тўлиқ шаклланмаган.

Шу сабабли медиана иш ҳақини пресс-релизнинг бошқа бўлимларидаги январь–сентябрь ойлари учун ўртача иш ҳақи билан бевосита таққослаб бўлмайди. 2026 йил январь–август ойларида (қишлоқ хўжалиги корхоналари ҳамда кичик тадбиркорлик субъектларини ҳисобга олмаган ҳолда) республика бўйича медиана иш ҳақи 4 млн 166,3 минг сўмни ташкил этган. Ҳудудлар кесимида медиана иш ҳақининг энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳрида қайд этилган бўлиб, 6 млн 791,2 минг сўмни, энг паст кўрсаткич эса Сирдарё вилоятида 2 млн 998,4 минг сўмни ташкил этган.
  
Иқтисодий фаолият турлари бўйича медиана иш ҳақининг энг юқори кўрсаткичи банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик фаолиятида қайд этилган бўлиб, 11 млн 363,9 минг сўмни, энг паст кўрсаткич эса яшаш ва овқатланиш бўйича хизматларда 2 млн 860,0 минг сўмни ташкил этган.
 
Маълумот учун, медиана иш ҳақи – бу аҳоли маошларини аниқ тенг иккига бўлувчи чегара кўрсаткичи (ўртадаги қиймат).Барча ходимларнинг маошлари энг кам миқдордан энг юқори миқдорга қараб тартиб билан тизиб чиқилади. Мана шу рўйхатнинг айнан қоқ ўртасида турган маош – медиана иш ҳақи ҳисобланади. У ижтимоий тенгсизлик ва кескин юқори ёки кескин паст маошларнинг таъсиридан холи бўлиб, оддий аҳолининг реал даромад даражасини аниқроқ акс эттиради. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2026 йил январь-июнь ойларида ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 7 млн 091,1 минг сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18,4 фоизга ўсган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends