Ўзбекистонда ноқонуний миграция учун 15 йилгача қамоқ берилиши мумкин
Local
−
15:02 2163 2 minutes
Ўзбекистонда Миграция агентлиги ноқонуний миграцияни ташкил этганлик учун жиноий жавобгарлик белгилашни таклиф қилди. Бу ҳақдаги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.
Таклифга кўра, Жиноят кодексини 223-1-модда (ноқонуний миграцияни ташкил этиш) билан тўлдириш таклиф этилмоқда. Қонунчиликда белгиланган миграцияни ташкил этиш тартибини бузган ҳолда иқтисодий фойда олиш мақсадида ноқонуний миграцияни ташкил этиш, шунингдек, чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар ёки Ўзбекистон фуқароларини Ўзбекистонга олиб кириш, давлат чегараси орқали олиб ўтиш, хорижга олиб чиқиш ёки Ўзбекистон ҳудуди орқали бошқа давлатга ноқонуний транзитини ташкил этиш, раҳбарлик қилиш ёки бундай фаолиятга кўмаклашиш, жумладан, транспорт воситаси ёки турар жой билан таъминлаш уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Агар худди шу ҳаракатлар йирик миқдорда, бир гуруҳ шахслар томонидан, мансабдор шахслар томонидан, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилса, беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилиши таклиф этилмоқда.
Ушбу ҳаракатлар ўта йирик миқдорда, инсон ҳаёти ёки соғлиғи учун хавфли усулда содир этилган ёки бошқа оғир оқибатларга олиб келган бўлса, ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланиши мумкин.
Қайд этилишича, мазкур қонуннинг қабул қилиниши ноқонуний миграция соҳасидаги жиноятлар учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш, миллий қонунчиликни замонавий халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажриба асосида такомиллаштиришга хизмат қилади.
Мазкур қонун лойиҳаси муҳокамаси жорий йил 8 сентябрга қадар давом этади.
Live
All