Ўзбекистонда қизлар кўп пул топяптими ёки йигитлар?
Interesting
−
10:42 1492 1 minute
Қизлар йигитларга қараганда тезроқ ишга жойлашмоқда, бироқ йигитларнинг ўртача иш ҳақи қизларникидан қарийб 2 миллион сўм юқори. Бу ҳақда Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, агентлик Битирувчилар сифати индекси (BSI) доирасида битирувчиларнинг меҳнат бозоридаги натижалари жинслар кесимида таҳлил қилган.
BSI натижаларига кўра, қизлар ўртасида бандлик даражаси 85,1 фоиз, йигитларда эса 80,4 фоизни ташкил этган. Қизлар ўртача 2 ойда, йигитлар эса 3 ойда ишга жойлашган.
Бироқ ўртача иш ҳақи бўйича манзара бошқача: йигитларда бу кўрсаткич 6 миллион сўм, қизларда эса 3,9 миллион сўмни ташкил қилган.
Шунингдек, меҳнат бозорида юқори натижа кўрсатган TOP-5 соҳалар ҳам таҳлил қилинган. Унга кўра, қизлар:
- Транспорт хизматлари;
- математика ва статистика;
- таълим;
- бизнес ва бошқарув;
- гуманитар фанлар бўйича юқори натижа қайд этган.
Йигитлар эса:
- Бизнес ва бошқарув;
- соғлиқни сақлаш;
- санъат;
- математика ва статистика;
- ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида устунликка эришган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларида 2025–2026-ўқув йили давомида таҳсил олаётган талабалар сони 1,5 миллион нафарга етиб, талабаларнинг 782,9 минг нафарини аёллар, 752,1 минг нафарини эркаклар ташкил этгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All