Ўзбекистонда иситиш мавсуми қачон бошланиши айтилди (видео)
Local
−
15:08 1384 2 minutes
Ўзбекистонда кўп қаватли уйлар жорий йил 15 ноябргача марказлашган иситиш тизимига уланиши кутилмоқда. Бу ҳақда бугун, 4 ноябрь куни ўтказилган матбуот анжуманида Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси бошлиғи Аҳадхон Исоқжонов QALAMPIR.UZ мухбирининг саволига жавобан маълум қилди.
Унинг билдиришича, Ўзбекистонда кўп қаватли уйлар 15 ноябргача марказлашган иситиш тизимига уланиши кутилмоқда. Бу масала бўйича ҳудудлардаги гидрометеорология марказларининг маълумотлари асосида ҳокимликлар томонидан алоҳида қарор қабул қилинади. Шундан сўнг, тармоққа улаш ишлари амалга оширилади.
“Ҳозирги кеча-кундузда биз куз-қиш даврига тайёргарлик дастурлари доирасида барча иссиқлик таъминоти корхоналарини шай ҳолатдалиги бўйича инспекциянинг ваколатига тегишли қисмларини кўриб чиқиб, ҳисоботларни берганмиз. Тайёр ҳудудлар бўйича тайёрлигини, хато-камчиликлари, яъни ўша тизимни тайёрлаш билан боғлиқ муаммолар кузатилганларга мажбурий кўрсатмалар тақдим этгамиз”, дейди Аҳадхон Исоқжонов.
Унинг айтишича, Тошкент шаҳри, Самарқанд вилояти ва Фарғона водийсидаги вилоятларда иссиқлик таъминоти корхоналари билдирилган тегишли камчиликларни бартараф этиб бўлган ва тизимни марказий иссиқлик таъминотига улашга тайёр.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззах вилоятида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари, кўп квартирали уйлар ва ижтимоий соҳа объектлари учун 2026–2027 йилги иситиш мавсуми 4 ноябрдан бошланиши ҳақида хабар берилган эди.