Ўзбекистонда эрта никоҳни яширганлар жазоланиши мумкин
Local
−
10:57 603 2 minutes
Ўзбекистонда эрта никоҳ ва 16 ёшга тўлмаган қизларнинг ҳомиладорлиги ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бермаганлик учун маъмурий жавобгарлик жорий этилиши мумкин. Бу ҳақда Бош прокуратура томонидан жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қонун лойиҳасида сўз боради.
Лойиҳага кўра, эрта никоҳ ва 16 ёшга тўлмаган қизларнинг ҳомиладорлиги ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бермаган фуқаролар ва ходимларга базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 3-5 баравари (1,32 млн сўмдан 2,2 млн сўмгача), мансабдор шахсларга эса БҲМнинг 5-10 баравари миқдорида (2,2 млн сўмдан 4,4 млн сўмгача) жарима қўлланилиши мумкин.
Агар ҳуқуқбузарлик бир йил ичида такрор содир этилса, жарима миқдори фуқаролар ва ходимлар учун БҲМнинг 5-10 ва 10-15 бараваригача оширилади.
Жавобгарлик фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ФҲДЁ, таълим ва тиббиёт муассасалари ҳамда диний ташкилотлар вакилларига ҳам тааллуқли бўлиши мумкин. Улар эрта никоҳ, 16 ёшга тўлмаган вояга етмаганларнинг ҳомиладорлиги ва бошқа ҳуқуқбузарликлар ҳақида ички ишлар органлари ҳамда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларига хабар бериши лозим.
Қонун лойиҳаси муҳокамаси жорий йил 19 сентябрга қадар давом этади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2025 йил ҳолатига кўра, Ўзбекистонда никоҳ барқарорлиги коэффициенти 175,6 промиллени ташкил этгани ҳақида хабар берилган эди. Бу ҳар 1000 та никоҳга ўртача 175 та ажрим тўғри келишини англатади.
Live
All