Ўзбекистонда электр генерацияси қуввати 46,1 гигаваттга етказилади
Local
−
19:34 448 3 minutes
Ўзбекистонда 2030 йилга бориб йилига қарийб 129 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти яратилади. Бу ҳақда бугун, 22 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган электр энергетикасини ривожлантириш истиқболлари ва ёқилғи-энергетика тармоғидаги лойиҳаларни бошқариш механизмларини такомиллаштиришга оид тақдимотда сўз боради.
Режага кўра, 2030 йилга бориб, мамлакатдаги генерация қувватлари 46,1 гигаваттга етказилиб, йилига қарийб 129 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти яратилади. 2035 йилда эса қувватларни 57,2 гигаваттга, йиллик генерацияни 154,7 миллиард киловатт-соатга етказиш кўзда тутилган.
Тақдимотда электр энергияси истеъмолининг турли ўсиш сценарийлари ҳам кўриб чиқилган.
Ҳисоб-китобларга кўра, истеъмол мўътадил ўсганда 2030 йилгача генерация ва талаб ўртасида етарли мувозанат сақланади. Бироқ иқтисодиёт, саноат, электр транспорт ва рақамли инфратузилма тез суръатларда ривожланган тақдирда қўшимча генерация қувватларига эҳтиёж пайдо бўлади.
Давлат раҳбари энергетика соҳасидаги режалар иқтисодиётнинг юқори ўсиш суръатларини ҳисобга олган ҳолда шакллантирилиши, тизимда доимо етарли захира қуввати бўлиши шартлигини таъкидлаган.
Шундан келиб чиқиб, қўшимча шамол электр станциялари ва энергия сақлаш тизимларини барпо этиш, амалга оширилаётган қуёш ва шамол энергетикаси лойиҳаларини жадаллаштириш бўйича таклифлар кўриб чиқилган.
Айни пайтда иқтисодий самарадорлиги паст, молиялаштириш манбаси аниқ бўлмаган ёки узоқ вақтдан буён кечикаётган айрим лойиҳаларни қайта кўриб чиқиш зарурлиги қайд этилган. Янги қувватларни танлашда фақат уларнинг ҳажми эмас, балки электр энергияси таннархи, тармоққа уланиш имконияти, энергия сақлаш тизимлари билан уйғунлиги ва умумий энергобалансга таъсири асосий мезон бўлиши белгиланган.
Қайта тикланувчи энергия манбалари улуши ортиб борган сари энергия сақлаш тизимларининг аҳамияти ҳам ошмоқда.
Бундай тизимлар кундузи қуёш ва шамол станцияларида ишлаб чиқарилган электр энергиясини тўплаб, уни кечки юқори юклама вақтида тармоққа узатиш имконини беради. Бу анъанавий электр станцияларида қўшимча газ ёқиш заруратини камайтириб, бутун тизим барқарорлигини оширади.
Ҳозир энергия сақлаш тизимлари бўйича умумий қуввати 4,2 гигаватт бўлган 26 та лойиҳа шакллантирилган. Улардан 17 таси амалга ошириш босқичида. 2030 йилгача айни йўналишда қўшимча янги лойиҳаларни шакллантириш таклиф қилинган.
Президент генерация қувватларини кўпайтириш билан бирга уларни истеъмолчиларга етказиб берадиган магистрал тармоқ ва подстанцияларни ҳам олдиндан барпо этиш зарурлигини кўрсатиб ўтган.
2030 йилга қадар 9 та 220 киловольтли ва 7 та 500 киловольтли янги подстанция қуриш, қарийб 5 минг километр янги электр узатиш тармоқларини барпо этиш режалаштирилган. Бу янги электр станцияларини энерготизимга улаш, ҳудудлар ўртасида қувват алмашинувини кенгайтириш имконини беради.
Хусусан, 2027-2029 йилларда бир қатор стратегик 500 киловольтли электр узатиш тармоқлари ва янги подстанцияларни ишга тушириш кўзда тутилган. Тақдимотда уларнинг қурилиш ҳолати, молиялаштириш масалалари ва мавжуд кечикишларни бартараф этиш чоралари алоҳида кўриб чиқилган.
Қорақалпоғистонда қайта тикланувчи энергиянинг катта салоҳиятидан фойдаланган ҳолда рақамли иқтисодиёт учун янги инфратузилма яратиш масаласи ҳам муҳокама қилинган.
Ҳудудда истиқболли шамол электр станцияларини 1 гигаватт қувватли дата-марказлар билан боғлаш, бунинг учун янги 220 киловольтли подстанция ва электр узатиш тармоқларини қуриш таклиф этилган. Мазкур инфратузилма янги дата-марказларни энерготизимга интеграция қилиш, юқори технологияли инвестицияларни жалб этиш ва ҳудуднинг мавжуд энергетик салоҳиятидан самарали фойдаланиш имконини беради.
Live
All