Ўзбекистонда бизнесни рўйхатга олиш тадбири ўтказилади
Local
−
17:28 918 3 minutes
Ўзбекистонда жорий йилнинг 15 октябридан 30 ноябрига қадар бизнесни рўйхатга олиш тадбирини ўтказилади. Бу ҳақда бугун, 2 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш якунлари ҳамда миллий статистика тизимида ислоҳотларни жадаллаштиришга қаратилган таклифлар тақдимотида сўз боради.
Мамлакат аҳолиси 1989 йилдан буён қарийб икки баробар, иқтисодиёт эса сўнгги саккиз йилда икки карра ўсган. Бундай ўзгаришлар аҳоли таркиби, яшаш манзиллари, ер ресурслари, қишлоқ хўжалиги ҳамда озиқ-овқат манбалари тўғрисида аниқ ва ишончли маълумотларга бўлган эҳтиёжни оширган.
Шу мақсадда жорий йилда ўтказилган аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш натижалари бўйича ахборот берилган.
Дастлабки натижаларга кўра, Ўзбекистонда доимий аҳоли сони 39 миллион 47 минг нафарни ташкил этган. Амалдаги ҳисобда акс этмаган 810,6 минг нафар аҳолининг яшаш манзили ва ижтимоий мақомига аниқлик киритилган.
Амалдаги маълумотлар билан солиштирганда Жиззах вилояти аҳолиси 2,7 фоиз, Наманганда 1,3 фоиз, Сурхондарёда 0,9 фоиз ва Қашқадарёда 0,7 фоиз кам экани аниқланган. Бухоро вилоятида кўрсаткич деярли ўзгармаган, бошқа ҳудудларда эса ўсган. Хусусан, Тошкент тумани аҳолиси аввалги ҳисобга нисбатан 1,6 баробар кўп, Андижон шаҳрида эса 15,8 фоиз кам экани маълум бўлган.
Қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш натижасида ҳисобда акс этмаган 985,5 минг гектар ернинг чегараси ва тоифаси аниқлаштирилган. Шундан 789,5 минг гектари экин ерлари, 14,1 минг гектари иссиқхоналар, 75,3 минг гектари боғлар, 21,4 минг гектари токзорлар ва 85 минг гектари балиқчилик ҳавзаларига тўғри келади.
Жараёнларнинг рақамлаштирилгани ҳисобига рўйхатга олиш харажати аҳоли жон бошига 1,5 минг сўмдан ошмаган. Бу МДҲ давлатларидаги кўрсаткичларга нисбатан 15 баробар кам. Интернет орқали рўйхатга олиш қамрови 82,3 фоизни ташкил этган. Барча жараёнлар 15 кунда якунланиб, Ўзбекистон рўйхатга олиш тезлиги бўйича дунёда иккинчи ўринни эгаллаган.
Рўйхатга олиш натижалари асосида аҳоли ва қишлоқ хўжалигининг доимий янгиланиб борадиган статистик регистрлари шакллантирилади. Ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларига оид 100 та, қишлоқ хўжалиги ва экин майдонларига доир 50 та кўрсаткич янгиланади. Шунингдек, 2017-2025 йиллар учун миллий ҳисоблар кўрсаткичлари қайта баҳоланади.
Тақдимотда иқтисодий фаолиятни тўлиқ статистик ҳисобга олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бугунги кунда кузатилмайдиган иқтисодиёт улуши 23 фоизни ёки 246 триллион сўмни ташкил этмоқда. Қишлоқ хўжалигида умумий айланманинг 60 фоизи ушбу сектор ҳиссасига тўғри келади.
Меҳнат билан банд бўлган 15,2 миллион аҳолининг 6,5 миллиони ёки 42 фоизининг даромадлари расмий ҳисобда тўлиқ акс этмаяпти. Рўйхатдан ўтган кўплаб кичик ва ўрта бизнес субъектлари амалда ишламайди ёки фаолиятини тўхтатган.
Мазкур ҳолат ҳалол ишлаётган ва солиқ мажбуриятларини тўлиқ бажараётган корхоналар учун носоғлом рақобат муҳитини юзага келтирмоқда. Ҳар 4-5 сўмлик иқтисодий айланманинг 1 сўми расмий статистика эътиборидан четда қолмоқда. Ушбу фаолиятни тартибга солиш бюджетга қўшимча ўнлаб триллион сўм тушум таъминлаш ва келгусида солиқ юкини камайтириш имконини беради.
Шу муносабат билан жорий йилнинг 15 октябридан 30 ноябрига қадар бизнесни рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш таклифи маъқулланган. Унинг доирасида мамлакатда фаолият юритаётган барча иқтисодий бирликлар хатловдан ўтказилиб, субъектларнинг ҳолати, таркиби ва иқтисодиёт тармоқлари бўйича тақсимотига аниқлик киритилади. Корхона ва ташкилотлар тўғрисидаги статистик регистрлар янгиланиб, танланма кузатувлар учун ишончли асос яратилади.
Live
All