Ўзбекистонда аҳоли жон бошига даромад 20 йилда 7 баравар ошди
Local
−
17:55 293 2 minutes
2025 йилда Ўзбекистонда аҳоли жон бошига ялпи миллий даромад 3,7 минг долларни ташкил этди. Бу ҳақда Жаҳон банки маълумотларига таяниб, “Ranking.kz” хабар берди.
Қайд этилишича, Жаҳон банки мамлакатларни аҳоли жон бошига ялпи миллий даромад даражаси бўйича тўрт тоифага ажратади. 2025 йил якунларига кўра, 1,2 минг долларгача бўлган кўрсаткич паст, 1,2 минг доллардан 4,6 минг долларгача бўлган кўрсаткич ўртачадан паст, 4,6 минг доллардан 14,4 минг долларгача бўлган кўрсаткич ўртачадан юқори даромадли мамлакатлар тоифасига киритилган. 14,4 минг доллардан юқори кўрсаткич эса юқори даромадли давлатларга тегишли.
Жаҳон банкининг Атлас усулида ҳисобланган мазкур кўрсаткичи аҳолининг ўртача иш ҳақи ёки қўлига оладиган шахсий даромадини англатмайди. У мамлакатнинг ялпи миллий даромади ва аҳоли сони асосида ҳисобланади ҳамда валюта курсларидаги кескин ўзгаришлар таъсирини юмшатиш учун махсус усул қўлланади.
Маълум бўлишича, Ўзбекистон 2025 йилда аҳоли жон бошига 3,7 минг долларлик ЯИМ билан ўртачадан паст даромадли мамлакатлар қаторида қолган. Шу тоифага Қирғизистон ва Тожикистон ҳам кирган.
Марказий Осиёда энг юқори кўрсаткич Қозоғистонда қайд этилган – 13,7 минг доллар. Туркманистонда бу кўрсаткич 6,3 минг долларни ташкил этган. Қозоғистон ва Туркманистон эса аҳоли жон бошига даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторида.
Шу билан бирга, сўнгги 20 йилда Ўзбекистоннинг мазкур кўрсаткичи сезиларли ошган. 2005 йилда аҳоли жон бошига ЯМД 520 доллар бўлган бўлса, 2025 йилга келиб 3,7 минг долларга етган. Яъни, 20 йил давомида кўрсаткич қарийб 7 бараварга ошган.
2025 йилнинг ўзида Ўзбекистонда аҳоли жон бошига ЯИМ 15,8 фоизга ўсган. Бу кўрсаткич Қозоғистонда 13,6 фоизни ташкил этган.
Бироқ абсолют кўрсаткич бўйича Қозоғистон билан Ўзбекистон ўртасидаги фарқ сақланиб қолмоқда. 2025 йилда Қозоғистонда аҳоли жон бошига ЯИМ 13,7 минг доллар, Ўзбекистонда эса 3,7 минг доллар бўлган. Икки давлат ўртасидаги фарқ 10,1 минг долларга етган.
Марказий Осиёнинг бешта давлати орасида Ўзбекистон аҳоли жон бошига ЯИМ бўйича Қозоғистон ва Туркманистондан кейин учинчи ўринни эгаллаган. Қирғизистонда бу кўрсаткич 2,8 минг, Тожикистонда 2,1 минг долларни ташкил этган.
Шунингдек, Жаҳон банки маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг 2025 йилдаги ялпи ички маҳсулоти 147 миллиард долларга етган. Қозоғистоннинг ЯИМи 306,2 миллиард, Туркманистонники 49,8 миллиард, Қирғизистонники 22,6 миллиард ва Тожикистонники 17,7 миллиард доллар бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали тадбирда 2030 йилгача Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулот ҳажми 300 млрд долларга етказилиши ҳақида гапирган эди.
Live
All