Ўзбекистон ва SIWI сув дипломатияси ва минтақавий ҳамкорликни кучайтиради
Local
−
12:46 368 2 minutes
Бутунжаҳон сув ҳафталиги – World Water Week 2026 доирасида Президент Администрацияси раҳбари ўринбосари Темур Бутунбоев Стокгольм халқаро сув институти (SIWI) ижрочи директори Хелена Тайбел билан учрашди.
Мулоқотда сув дипломатияси ва трансчегаравий ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма тадқиқотлар ўтказиш, экспертлар алмашинуви, мутахассислар тайёрлаш ҳамда амалий лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш, сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, инфратузилмани модернизация қилиш ва соҳани рақамлаштириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.
Темур Бутунбоев Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Марказий Осиёда минтақавий мулоқотнинг янги механизми шаклланганини таъкидлади. Хусусан, 2018 йилдан буён ўтказиб келинаётган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун самарали платформага айланган.
Шунингдек, Остона баёнотида Ўзбекистоннинг 2026–2036 йилларни “Марказий Осиёда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича амалий ҳаракатлар ўн йиллиги” деб эълон қилиш ташаббуси қўллаб-қувватлангани қайд этилди.
Томонлар Ўзбекистоннинг 2027–2029 йилларда Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раислиги даврида минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва қўшма лойиҳалар самарадорлигини ошириш истиқболларини ҳам муҳокама қилди.
Учрашув якунида Хелена Тайбел ва SIWI вакиллари жорий йил кузида Самарқандда ўтказиладиган Сувни тежаш бўйича халқаро форумга таклиф этилди.
World Water Week 2026 доирасида Темур Бутунбоев қатор юқори даражадаги учрашувлар ҳам ўтказди.
Жумладан, Европа комиссиясининг атроф-муҳит, сув барқарорлиги ва рақобатбардош циркуляр иқтисодиёт масалалари бўйича комиссари Жессика Рузвал, шунингдек, БМТ Университетининг Сув ресурслари, атроф-муҳит ва саломатлик институти директори, профессор, 2026 йилги Стокгольм сув мукофоти лауреати Каве Мадани билан музокаралар бўлиб ўтди.
Live
All