Ўзбекистон МТЖ бош мураббийи истеъфога чиқди
Sport
−
11:12 2553 2 minutes
Футзал бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи, испаниялик мутахассис Хосе Мария Мендес саломатлиги билан боғлиқ жиддий муаммолар туфайли ўз хоҳишига кўра лавозимини тарк этди. Бу ҳақда мамлакат футзал федерацияси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Мендес жорий йилнинг август ойининг сўнгги кунларидан буён юрак етишмовчилиги билан боғлиқ жиддий тиббий текширувлардан ўтиб келаётган эди. Дастлаб Тошкентда кўрикдан ўтган мутахассис кейинчалик чуқурлаштирилган тиббий текширувлар учун Мадридга юборилган.
Испаниялик шифокорлар унга маълум муддат профессионал фаолиятидан танаффус олиш ва жиддий даволаниш курсини ўташ зарурлигини таъкидлаган.
Шу муносабат билан Хосе Мария Мендес Ўзбекистон футзал федерацияси раҳбариятига истеъфога чиқиш тўғрисида мурожаат қилган. Федерация раҳбарияти мутахассиснинг мурожаатини кўриб чиқиб, унинг саломатлиги билан боғлиқ вазиятни инобатга олган ҳолда истеъфосини қабул қилган.
Ўзбекистон футзал федерацияси Мендесга даволаниш жараёнини муваффақиятли ўтказишини, тезроқ соғайиб, саломатлигини тўлиқ тиклашини тилади. Шу билан бирга, Ўзбекистон миллий футзал терма жамоасига янги бош мураббий тайинлаш бўйича федерация қарори ҳақида қўшимча маълумот берилиши маълум қилинди.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг январь ойида футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец ҳам соғлиғидаги муаммолар сабаб терма жамоа билан хайрлашганди.
Live
All