“Уларга тегманг!” Прагада 400 минг киши ОАВ мустақиллиги учун бош кўтарди (видео)
World
−
13:42 337 3 minutes
Чехия пойтахти Прагада ҳукуматнинг жамоат телевидениеси ва радиосини молиялаштириш тартибини ўзгартириш режасига қарши қарийб 400 минг киши намойиш ўтказди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Маълум қилинишича, кеча, 15 ноябрь куни Летна боғида ўтказилган намойиш ташкилотчилари унда 400 мингга яқин киши қатнашганини айтган. Уларнинг фикрича, бу 1989 йилдаги “Бахмал инқилоби”дан буён мамлакатдаги энг йирик норозилик акциясига айланиши мумкин. Намойишчилар “ОАВга тегманг” ва “ОАВ сиёсатчилар билан ўзи шуғуллансин” каби ёзувлар туширилган плакатларни кўтарган.

Норозиликка ҳукуматнинг жамоат телевидениеси ва радиоси учун аҳолидан ундириладиган ойлик абонент тўловини бекор қилиб, уларни давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириш режаси сабаб бўлган. Танқидчилар бундай ўзгаришлар телерадиокомпанияларни ҳукуматга молиявий жиҳатдан қарам қилиб қўйиши ва сиёсий босимга заифлаштиришидан хавотирда.

Чехия мухолифати ва фуқаролик жамияти ташкилотлари қонун лойиҳасининг парламентда кўриб чиқилиш тартибини ҳам танқид қилган. Уларнинг таъкидлашича, ҳужжат октябрь ойида шошилинч тарзда, тунда муҳокамага киритилган. Фаоллар ҳукуматдан қонун лойиҳасини қайтариб олишни ёки ОАВ мустақиллигини кафолатлайдиган механизмларни ишлаб чиқиш учун экспертларни жалб этишни талаб қилмоқда.
Намойишларни ташкил қилган “Milion Chvilek” фуқаролик ҳаракати раҳбари Микулаш Минар сайланган ҳукумат мамлакатни бошқариш ҳуқуқига эга эканини, бироқ демократик институтларни ўз хоҳишига кўра тугатишга ҳақли эмаслигини айтган.

Айни пайтда Чехия ҳукумати бош вазир Андрей Бабиш бошчилигидаги популистик коалиция томонидан бошқарилмоқда. Ҳукумат жамоат ва хусусий ОАВни бирёқлама ёритишда айблаб келади. Танқидчилар эса таклиф этилаётган ислоҳотларни Венгрияда Виктор Орбан даврида жамоат ахборот воситалари устидан назорат кучайтирилгани билан қиёсламоқда.
Ҳозирда Чехияда жамоат телевидениеси ва радиоси уй хўжаликларидан ҳар ой ундириладиган 205 крона (тахминан 9,26 доллар) миқдоридаги тўлов ҳисобидан молиялаштирилади. Ҳукумат бу тўловни бекор қилиш орқали аҳолининг молиявий юкини камайтиришни кўзлаётганини билдирган. Қонун лойиҳаси дастлабки овоз беришдан ўтган ва навбатдаги муҳокамаларни кутмоқда.

Бироқ таклиф этилаётган ўзгаришлар телерадиокомпаниялар молиялаштирилишини 15 фоизга қисқартириши мумкин. Натижада телевидение бюджети 2008 йил, радио бюджети эса 2005 йил даражасига тушиб қолади. ОАВ вакиллари харажатлар ўша даврдан буён ошганини таъкидлаб, бундай молиялаштириш тизимини мақбул деб ҳисобламаяпти.
Маълумот учун, ноябрь ойи бошида Чехия жамоат телевидениеси ва радиоси ходимлари ҳам ҳукуматнинг режасига қарши бир кунлик иш ташлаш ўтказган, бу эса эфир фаолиятининг чекланишига олиб келган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германиянинг Франкфурт шаҳрида ёшлар намойиши вақтида тартибсизликлар юз бергани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All