Украинанинг “севимли“ нишони: Ozon яна ҳужумга учради (видео)

World

image

Бугун, 11 сентябрь куни Украина дронлари Россиянинг Саратов шаҳридаги Ozon компаниясининг логистика марказига ҳужум қилди. Бу ҳақда “Meduza“ хабар берди.

Зарба оқибатида омборда ёнғин чиқиб, ходимлар эвакуация қилинган.

Компаниянинг дастлабки маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида жабрланганлар йўқ. Ҳозирча буюртмалар қабул қилинмаяпти ва бошқа логистика марказларига йўналтирилмоқда.

Саратов вилояти губернатори Роман Бусаргин дронлар ҳужуми оқибатида шаҳардаги фуқаролик инфратузилмасига зарар етганини маълум қилган, бироқ тафсилотларни келтирмаган.

Украинанинг мониторинг каналлари, Саратов нефтни қайта ишлаш заводига ҳам ҳужум қилингани ва у ерда ёнғин бошланганини даъво қилган.

Бундан ташқари, дронлар Волгоград шаҳрига ҳам ҳужум қилган. Шаҳар Красноармейский туманидаги Кичик ер қаҳрамонлари (Герои Малой Земли) кўчасида жойлашган кўп қаватли уй зарар кўрган. Икки эркак – 42 ва 55 ёшли фуқаролар жароҳатланиб, шифохонага ётқизилган.

Губернатор Андрей Бочарёвнинг сўзларига кўра, дрон парчалари Волгоград жанубидаги саноат корхонаси ҳудудига тушган. Бироқ қайси корхона экани аниқланмаган.

Шунингдек, Тула вилоятига ҳам ҳужум уюштирилган. Вилоят губернатори Дмитрий Миляев ҳужум оқибатида 2 киши ҳалок бўлганини маълум қилган. Яна 3 киши яраланган. Бироқ бошқа тафсилотлар келтирилмаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина денгиз дронлари Сочи соҳилига ҳужум қилган эди. Ҳужум оқибатида 28 киши, жумладан, 2 нафар бола жароҳатланган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends