Украина Россия ичкарисига зарбаларни кўпайтиради – Зеленский
World
−
19 September 1086 2 minutes
Украина ҳарбий раҳбарияти “Россия ҳужумларига жавобан узоқ масофага ҳаракат қилувчи қуроллардан фойдаланган ҳолда” янги операцияларни келишиб олди. Бу ҳақда бугун, 19 сентябрь куни мамлакат Президенти Владимир Зеленский Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Михаил Драпатий ва Мудофаа вазири Евгений Хмара билан учрашувдан сўнг маълум қилди.
“Узоқ масофаларга зарба бериш имкониятларимизни кенгайтиришга тайёрлаяпмиз”, дейди Украина етакчиси.
У бошқа тафсилотларни очиқламаган.
Маълумот учун, йил бошидан бери Украина Қуролли кучлари Россиянинг ёнилғи-энергетика мажмуаси объектларига зарбаларни кўпайтирди. Сентябрь ойига келиб, Украина дронлари нефтни қайта ишлаш заводларини (НҚЗ) камида 70 марта нишонга олди, бунинг оқибатида мамлакатда нефтни қайта ишлаш ҳажми сўнгги икки декададаги энг паст даражага тушиб кетди ва бу бензиннинг ўткир танқислигига ҳамда ёнилғи қуйиш шохобчаларида чекловлар жорий этилишига олиб келди. Шунингдек, Украина Қуролли кучлари ҳарбий заводлар, порт инфратузилмаси ва “соядаги флот” кемаларига зарбалар бермоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 14 сентябрь куни АҚШ Президенти Дональд Трамп Украина ва Россия энергетика объектларига ҳужумларни тўхтатишга рози бўлганини эълон қилди. У Украина Қуролли кучларининг нефтни қайта ишлаш заводларига берган зарбалари жаҳон бозорида дизель ёнилғиси ва бошқа нефть маҳсулотларининг танқислигини келтириб чиқарганини таъкидлади.
Зеленский Россияга энергетик сулҳ учун объектлар рўйхатини “столга қўйишни” таклиф қилган эди. Кремлда Трампнинг ташаббусини ошкора равишда “яхши ғоя” деб аташди, бироқ “Financial Times” манбалари Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин бундай битим тузишни хоҳламаганини, чунки Украина энергетикасига берилаётган зарбалар Киевни ён беришга мажбур қилиши мумкин деб ҳисоблашини билдирган.
Live
All