Украина Россия депортация қилган 2 368 болани ватанга қайтарди
World
−
10 July 2405 1 minute
Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан буён мажбуран олиб кетилган 2 368 нафар украиналик бола ватанига қайтарилди. Бу ҳақда Украина Адлия вазирлиги реестри маълумотларига таяниб, болалар ҳуқуқлари ҳимоячиси Катерина Рашевска маълум қилди.
Унинг айтишича, жорий йилнинг 9 июль ҳолатига кўра, Россия томонидан ноқонуний депортация қилинган ёки мажбуран кўчирилган бўлиши мумкин бўлган 20 610 нафар украиналик бола рўйхатга олинган. Шулардан 2 368 нафари Украинага қайтарилган. Фақат 2026 йилнинг ўзида эса 500 нафардан ортиқ бола ватанига олиб келинган.
Рашевсканинг билдиришича, Украина болаларни ноқонуний депортация қилишга алоқадор шахсларни жавобгарликка тортиш ишларини ҳам давом эттирмоқда. Ҳозиргача 25 кишига нисбатан гумон эълон қилинган. Шунингдек, украиналик болаларни мафкуравий таъсир остига олиш бўйича 581 та, уларни ҳарбийлаштириш бўйича эса 28 та жиноят иши қўзғатилган.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 18 июнь ҳолатига кўра, Россия томонидан олиб кетилиб, Украинага қайтарилган болалар сони 2 274 нафарни ташкил этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Италия 2022 йилдаги уруш туфайли Италияга эвакуация қилинган 300 нафардан ортиқ украиналик вояга етмаганларнинг мамлакатига қайтишига рухсат бермаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All