Украина Россия аэродромларини бомбалади
World
−
21:07 2370 2 minutes
Украина дронлари Россиянинг Ярославль вилоятидаги нефтни қайта ишлаш заводи ва Ростов-Дондаги ҳарбий аэродромга зарба берди. Бу ҳақдаги видеони бугун, 17 сентябрь куни Украина Президенти Владимир Зеленский ўзининг Telegram-каналида эълон қилди.
Зеленскийнинг айтишича, ҳужум Украина Хавфсизлик хизмати, Махсус операциялар кучлари, Бош разведка бошқармаси ва Ташқи разведка хизмати ҳамкорлигида амалга оширилган. Ростовдаги аэродромда 2 та Ан-26 ва 1 та Ан-12 транспорт самолёти, шунингдек, 3 та вертолёт шикастланган.
Кейинчалик Украина Бош штаби ҳам ҳужум тафсилотларини маълум қилган. Унга кўра, Ростов-Дон шаҳридаги “Марказий” ҳарбий аэродром ҳудудида ёнғин ва кейинчалик портлаш содир бўлган. Шунингдек, Ярославль вилоятидаги “Славнефть-ЯНОС” нефтни қайта ишлаш заводининг нефтьни бирламчи қайта ишлаш қурилмасида зарар ва ёнғин қайд этилган.
Маълумот учун, “Славнефть-ЯНОС” Россиядаги энг йирик нефтьни қайта ишлаш корхоналаридан бири ҳисобланади. Завод йилига қарийб 15 млн тонна нефтьни қайта ишлаш қувватига эга бўлиб, автомобиль бензини, дизель ва авиация ёқилғиси, мазут, битум ҳамда бошқа нефть маҳсулотларини ишлаб чиқаради.
Украина Бош штаби корхона Россия қуролли кучлари эҳтиёжларини таъминлашда иштирок этишини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия ҳарбийлари Украинанинг Днепропетровск вилояти Никополь туманида йўловчи автобусига дрон орқали зарба берган эди.
Live
All