Украина қишни электрсиз ўтказмаслиги учун Норвегия 54 млн доллар ажратди
World
−
11:06 466 2 minutes
Норвегия Украинага қиш мавсумида энергия таъминотини барқарор сақлаш ва Россия ҳужумлари оқибатида зарар кўрган энергетика инфратузилмасини тиклаш учун қарийб 54 миллион доллар ажратади. Бу ҳақда Норвегия ҳукумати матбуот хизматига таяниб “Ukrinform” хабар берди.
Норвегия энергетика вазири Терже Осланд кеча, 27 октябрь куни Киевга ташрифи давомида Украина энергетика соҳасини қўллаб-қувватлаш учун 500 миллион Норвегия кронаси ажратилишини маълум қилган.
“Украина уруш шароитидаги яна бир қиш мавсумига кириб бормоқда. Энергия таъминотини имкон қадар барқарор сақлаш ва оғир гуманитар оқибатларнинг олдини олиш учун Россия бомбардимонлари оқибатида зарар кўрган муҳим инфратузилмани тиклаш ҳамда мустаҳкамлашга зарур ускуналарни сотиб олиш учун маблағ ажратиш жуда муҳим”, деган Осланд.
Маблағлар 2026 йилгача мўлжалланган Нансен дастури доирасида Украина энергетикасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси орқали йўналтирилади. Ушбу маблағлар инфратузилмани таъмирлаш, янги ускуналар харид қилиш ва энг долзарб эҳтиёжларни қоплашга сарфланади. Украина томони, хусусан, электр таъминотини барқарорлаштириш учун янги электр кабеллари зарурлигини билдирган.
Норвегия 2022 йилда Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли босқини бошланганидан бери газ хариди, энергетика инфратузилмасини таъмирлаш ва янги ечимларни жорий этиш учун 16 миллиард Норвегия кронасидан ортиқ маблағ ажратган.
Аввалроқ, Норвегия Бош вазири Йонас Гар Стёре 2027 йилда ҳам Украинага ҳарбий, гуманитар ва молиявий ёрдам кўрсатиш давом эттирилишини, бу мақсадлар учун қарийб 9 миллиард доллар ажратилишини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Норвегия Украинага қарашли “Нафтогаз” давлат энергетика компаниясининг 4,22 миллиард долларлик компенсация талабини ундириш доирасида Россиянинг “Профессор Молчанов” кемасини қўлга олганди.
Live
All27 October