Тўрт вилоятда пенсия бўйича янги тизим синовдан ўтказилади
Local
−
19:51 3241 2 minutes
Ўзбекистоннинг тўрт вилоятида пенсия тайинлаш бўйича ихчам хизмат кўрсатиш тизими синовдан ўтказилади. Бу ҳақда ҳукуматнинг кеча, 19 октябрь куни қабул қилинган 576-сонли қарорида белгиланди.
Қарор билан фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш бўйича ихчам хизмат кўрсатиш тизимини босқичма-босқич жорий этиш чора-тадбирлари белгиланган.
Унга кўра, 2026 йил октябрь – декабрь ойларида тажриба-синов тариқасида Пенсия жамғармасининг қуйидаги туман (шаҳар) бўлимларидаги пенсия ва бошқа тўловларни тайинлаш ҳамда тўлаш билан боғлиқ вазифалар ҳудудий бошқармаларга ўтказилади:
- Андижон вилояти – Андижон шаҳри ва Олтинкўл тумани;
- Самарқанд вилояти – Самарқанд шаҳри;
- Хоразм вилояти – Урганч ва Хива шаҳарлари ҳамда Шовот ва Янгиариқ туманлари;
- Сирдарё вилояти – туман (шаҳар) бўлимлари.
Ҳудудий бошқармаларда ҳар бир туман (шаҳар) учун 3 кишидан иборат комиссия, туман (шаҳар) бўлимларида эса фуқароларга хизмат кўрсатувчи ходимлар фаолияти ташкил этилади.
Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритилган. Унга кўра, қуйидаги хизматлар фуқаронинг мурожаатини талаб этмаган ҳолда проактив шаклда кўрсатилади:
- ногиронлик гуруҳи қайта белгиланганда ёки муддати узайтирилганда ногиронлик пенсияси тўловини давом эттириш;
- I гуруҳ ногиронлиги белгиланганда пенсияни қайта ҳисоблаш;
- оила аъзолари сони ўзгарганда боқувчисини йўқотганлик пенсияси тўловини давом эттириш;
- 100 ёшга тўлган фуқароларга қўшимча тўловни тайинлаш ва тўлаш;
- ID-карта муддати тугаши ёки муддатидан олдин янгиланиши муносабати билан пенсия тўловини давом эттириш.
Комиссия ариза тушгандан кейин ўн кун ичида тегишли қарор қабул қилади.
Пенсия жамғармаси бир ой муддатда Ўзбекистондан ташқарида бўлган пенсионерларнинг пенсия тўловларини олиш ҳуқуқини тасдиқлашда “MyID” ахборот тизими орқали шахсни тасдиқлаш имконини яратади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 2028 йил 1 январдан бошлаб пенсия ёшини ҳар йили 3 ойга ошириб борган ҳолда 2039 йилда эркаклар учун 63 ёшга ва аёллар учун 58 ёшга етказиш режалаштирилаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All