Туркиялик машҳур актёр ўлик ҳолда топилди
Art & Culture
−
16:48 2435 4 minutes
Жорий йилнинг 5 сентябрь куни турк кино ва театрининг таниқли вакилларидан бири, машҳур актёр Серҳат Мустафо Қилич Истанбулдаги уйида ўлик ҳолда топилди. Бу ҳақда “A Haber” хабар берди.
Маълумотларга кўра, 1975 йилда туғилган актёр Серҳат Мустафо Қиличдан қарийб икки кун давомида хабар бўлмаган. Шундан сўнг, унинг севгилиси уйига борган ва актёрни меҳмонхонадаги диванда ҳаракатсиз ҳолда топган. Хабар берилгач, воқеа жойига тегишли хизматлар юборилган.
Нашрга кўра, актёрнинг танасида кўкаришлар аниқланган, бироқ жароҳат ёки очиқ калтаклаш излари топилмаган. Унинг ўлимининг аниқ сабаби суд-тиббий экспертиза институтида ўтказиладиган текширувдан сўнг маълум бўлади. Шунингдек, Қиличнинг уйидан спиртли ичимликлар шишалари билан бирга, тақиқланган моддаларни истеъмол қилишда ишлатиладиган сигареталарни ўраш учун қўлланади, деб тахмин қилинган, туркчада “чаршаф” деб аталувчи қоғозлар ҳам топилган. Ҳодиса Истанбулнинг Кағитхане тумани Нуртепе маҳалласида содир бўлган.
Дастлабки текширувда Қиличнинг кўз атрофи, қўллари ва оёқларида кўкаришлар борлиги аниқланган. Бироқ танасида ҳеч қандай яра, кесилган ёки санчилган жой, шунингдек, очиқ калтаклаш излари топилмаган.
Актёрнинг жасади ўлим сабабини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертиза институти моргига олиб кетилган. Кейинчалик тегишли жараёнлар якунлангач, жасад яқинларига берилган ва Зинжирликую қабристони ғуслхонасига олиб борилган.
Қиличда аввалдан маълум бўлган қалқонсимон без касаллиги бўлгани айтилмоқда. Бундан ташқари, бошқа маълум касаллиги бўлмаган. Шу билан бирга, сўнгги вақтларда актёр кўп миқдорда спиртли ичимлик истеъмол қилгани ҳақида маълумотлар бор.
Шунингдек, актёр лимфа саратонидан даволанган ва касалликдан тузалиш босқичида бўлган, деган иддао ҳам илгари сурилмоқда.
Тахминларга кўра, ўтган ҳафтада Қилич кучли оғриқлар сабабли қиз дўсти томонидан шифохонага олиб борилган. Текширувлар натижасида унга бўйин умуртқаларидаги диск чурраси ташхиси қўйилган.
Қайд этилишича, актёр Серҳат Қиличнинг вафоти билан боғлиқ уйидаги текширувлар якунланган.
Қиличнинг менежери Толга Чинкиташ актёр учун эртаси куни Муҳсин Эртуғрул саҳнасида хотира маросими ўтказилишини, 8 сентябрь куни эса Анқарада дафн этилишини маълум қилган.
“Бу жуда кутилмаган йўқотиш бўлди. Жуда хафамиз. Унинг мухлислари бизга доим хабарлар ёзмоқда. Эртага Истанбулда Муҳсин Эртуғрул саҳнасида соат 12:00 да хотира маросими ўтказилади. Барча дўстларини шу ерда кутамиз. 8 сентябрь куни пешин намозида Аҳмет Ҳамди Аксеки масжидида жаноза намози ўқилади ва шундан сўнг Анқарада дафн этилади”, деган менежер.
Киличнинг сериалдаги ҳамкасби Шўрай Узун актёрнинг ўлими сабаби расман маълум қилинмасидан олдин турли тахминлар билдирилаётганларга мурожаат қилган.
“Ҳозир унинг ўлим сабабини билмаймиз. Фақат тахминлар асосида гапиришимиз мумкин. Бироқ тахминларни ҳақиқатдек тақдим этиш ҳеч қандай ахлоқий қадриятларга тўғри келмайди. Кутиш керак, расмий баёнот берилади”, деган у.
Шўрай Узун Қилич билан анча вақтдан бери кўришмаганини айтиб, у учун қадрли дўст бўлганини таъкидлаган.
Маълумот учун, Серҳат Мустафо Қилич 1975 йил 8 июль куни Анқарада туғилган. 1994 йилда Билкент университетининг Мусиқа ва саҳна санъати факультети театр йўналишига грант асосида ўқишга кирган. 1998 йилда университетни юқори баҳолар билан тамомлаган.
Унинг илк профессионал спектакли Анқара санъат театрида Руткай Азиз режиссёрлигида саҳналаштирилган Ариэл Дорфманнинг “Йўқолганлар (Бевалар)” асари бўлган. 1999–2000 йиллар мавсумида Диёрбакр давлат театрида ишлаган. Шу йилларда Диёрбакр шаҳар театрларида саҳна ва актёрлик бўйича дарслар берган ҳамда ушбу муассасада “Тинчлик ороли” спектаклини саҳналаштирган. 2002 йилда мажбурий хизматини ўташ учун Эрзурум давлат театрига актёр сифатида тайинланган.
2014 йилда режиссёр Нури Билге Жейланнинг “Қиш уйқуси” фильмида имом Ҳамди образини ижро этган. Фильм ўша йили Канн кинофестивалида “Олтин пальма” мукофотини қўлга киритган. Қилич ушбу фильмдаги ижроси учун 47-Кино муаллифлари уюшмаси (SİYAD) мукофотларида “Энг яхши иккинчи даражали эркак актёр ижроси” номинациясига даъвогарлик қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Кембриж университетининг энг ёш қора танли профессори бўлган британиялик социолог Жейсон Ардей Лондоннинг Баттерси ҳудудидаги уйда ўлик ҳолда топилган эди.
Live
All