Туркиядаги заводда портлаш оқибатида ҳалок бўлганлар сони 17 нафарга етди

World

−

image

Туркиянинг Измир вилояти Алиага туманидаги металлургия заводида юз берган портлаш оқибатида ҳалок бўлганлар сони 17 нафарга етди. Бу ҳақда Туркия соғлиқни сақлаш вазири Камол Мемишоғлу маълум қилди.

Ҳодиса кеча, 9 ноябрь куни туш пайтида HABAŞ металлургия заводида содир бўлган. Дастлаб портлаш юз берган, шундан сўнг ёнғин чиққан.

Завод маъмурияти маълумотига кўра, ҳодиса электр ёйли печлардан бирида режали таъмирлаш ишлари олиб борилаётган вақтда юз берган. Таъмирлаш жараёнида тушиб кетган материаллар табиий газ қувурига урилган ва портлаш содир бўлган.

Измир вилояти губернатори Сулаймон Элбан ҳодиса вақтида заводда одатдагидан камроқ ишчи бўлганини айтган. Унинг сўзларига кўра, одатий сменада мазкур линияга 300 нафардан ортиқ ишчи ишлайди. Бироқ таъмирлаш ишлари ва қозонни алмаштириш сабабли ҳодиса вақтида у ерда тахминан 200 киши бўлган. Портлаш пайтида заводда металл ишлаб чиқариш жараёни ҳам олиб борилмаган.

Ҳодиса юзасидан Менемен Бош прокуратураси тергов бошлаган. Олти киши қўлга олиниб, тергов ишларига тўрт нафар прокурор жалб қилинди. Бундан ташқари, воқеани ўрганиш учун икки нафар бош инспектор тайинланди.

Туркия Адлия вазири Оқин Гюрлекнинг маълум қилишича, прокурорлар ва экспертлар завод ҳудудида текширув олиб бормоқда. Вайроналар остида қолган ишчиларни қидириш ишлари ҳам давом этмоқда.

Портлашда жароҳатланган ишчилардан учтаси даволанишдан сўнг шифохонадан чиқарилган. Етти нафари Измир шаҳар касалхонаси ва Чиғли таълим-тадқиқот шифохонасига юборилган. Яна олти ишчи Алиага давлат шифохонасида даволанмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркиянинг шимолидаги кўмир конида портлаш содир бўлиши оқибатида икки нафар ишчи ҳалок бўлиб, беш киши жароҳатланган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends