Туркиядаги металлургия заводида портлаш содир бўлди. Қурбонлар бор
World
−
19:26 684 1 minute
Туркиянинг ғарбий қисмидаги металлургия заводида юз берган кучли портлаш ва ёнғин оқибатида олти киши ҳалок бўлди, яна саккиз нафар ишчи вайроналар остида қолган бўлиши мумкин. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.
Ҳодиса бугун, 9 ноябрь куни Измир вилоятининг Алиаға туманида жойлашган HABAS металлургия заводида содир бўлган. Вилоят губернаторлиги маълумотига кўра, портлаш оқибатида яна 13 киши жароҳатланган, улардан икки нафари оғир аҳволда.
Дастлабки маълумотларга кўра, фожиа суюқ пўлат қуйиш жараёнида юз берган. Шу пайтда заводдаги кўприксимон кран узилиб, эритиш печига тушган. Портлашдан кейин корхона ҳудудида кучли ёнғин чиққан.
Айни вақтда вайроналар остида қолган ишчиларни қутқариш ишлари олиб борилмоқда. Измир губернаторлиги ҳодиса юзасидан тергов бошланганини маълум қилган. Ишни ўрганиш учун тўрт нафар прокурор жалб этилган.
Измир шаҳар ҳокими Жамил Тугай қурбонлар ва жароҳатланганларнинг аниқ сони вайроналар тўлиқ тозалангандан кейингина маълум бўлишини билдирган.
Маълумот учун, HABAS заводи 1987 йилда ташкил этилган бўлиб, йилига 4,5 миллион тонна пўлат ишлаб чиқариш қувватига эга.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркиянинг шимолидаги кўмир конида портлаш содир бўлиши оқибатида икки нафар ишчи ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All