Туркияда лицейга қуролли ҳужум уюштирилди. Қурбон бор (видео)

World

image

Бугун, 22 сентябрь куни Туркиянинг Маниса вилояти Тургутлу туманидаги лицей олдида номаълум шахс қурол билан атрофга тасодифий ўқ узди. Ҳужум оқибатида бир ўқувчи ҳалок бўлди, 8 киши жабрланди. Бу ҳақда “Sözcü“ хабар берди.

Қайд этилишича, воқеа соат 08:00 атрофида Тургутлу туманининг “Албайрак” маҳалласида жойлашган Инжи Узмез касб-ҳунар ва техник Анадўлу лицейи олдида содир бўлган.

Дастлабки маълумотларга кўра, бир шахс номаълум сабабга кўра, мактаб олдида қурол билан атрофга ўқ узган.

Ҳужум вақтида ўқувчиларнинг яралгани ҳақида “112” Фавқулодда чақирув марказига хабар келиб тушган. Шундан сўнг воқеа жойига кўплаб полиция ходимлари ва тиббиёт гуруҳлари юборилган.

Маълум қилинишича, гумонланувчи воқеа жойидан пиёда қочиб кетган. Кейинчалик қуролдан ўқ узган деб гумон қилинган шахс хавфсизлик кучлари томонидан қўлга олиниб, ҳибсга олинган. Жароҳатланганлар энг яқин тиббий муассасага етказилган.

Воқеа жойида хавфсизлик чоралари кўрилган. Ҳодиса бўйича суд ва маъмурий тергов бошланган. Воқеа тафсилотлари ва тергов жараёни ҳақида қўшимча маълумотлар кейинроқ жамоатчиликка етказилиши айтилган.

“Тургутлу туманидаги Инжи Узмез касб-ҳунар ва техник Анадўлу лицейига яқин ҳудудда қурол билан ўқ узилгани ҳақида хабар келиб тушди. Хабар ортидан воқеа жойига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва тиббиёт ходимлари юборилди. Ходимларимизнинг ҳодиса юзасидан ишлари давом этмоқда. Жамоатчиликка воқеа ривожи ҳақида қўшимча маълумот берилади”, дейилади Маниса вилояти ҳокимлиги баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳам Туркиянинг Шонлиурфа вилояти Сиверек туманида жойлашган лицейда қуролли ҳужум содир бўлганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends