Трамп нутқлари бўйича “ставка” қилган Оқ уй ходими жазоланди
World
−
29 August 834 2 minutes
Оқ уйнинг собиқ телесуфлёр оператори Габриэль Перес Президент Дональд Трамп нутқларида нима дейиши ҳақида махфий маълумотлардан фойдаланиб, “ставка” қилгани учун 172 минг доллардан ортиқ маблағ тўлайдиган бўлди. Бу ҳақда “BBC” хабар берди.
Қайд этилишича, Перес 2025 йил декабридан 2026 йил февралигача Трампнинг чиқишларида қайси сўз ва мавзулар тилга олиниши бўйича Kalshi платформасида савдолар қилган. Маълум қилинишича, ушбу платформада фойдаланувчилар реал ҳаётдаги воқеалар натижаси бўйича шартномалар сотиб олиб, ставкалар қўяди.
Ушбу фаолиятни тартибга солувчи АҚШ товар фьючерслари савдоси комиссияси (CFTC) Перес 107 539,02 доллар миқдоридаги фойдани қайтариши ва 65 минг доллар фуқаролик жаримаси тўлаши кераклигини билдирган. Перес, шунингдек, 3 йил давомида савдо қилиш ҳуқуқидан маҳрум этилган.
CFTC’нинг маълум қилишича, собиқ ходим Трамп нутқлари мазмуни ҳақида олдиндан билган маълумотларини ўз манфаати йўлида ишлатиб, “ишонч ва махфийлик мажбуриятини бузган ҳолда” ставкалар қилган. Бироқ тергов билан “намунали даражада ҳамкорлик қилгани” инобатга олиниб, унга белгиланган фуқаролик жаримаси миқдори камайтирилган.
Оқ уй ҳозирча бу масала юзасидан изоҳ бермаган. Июль ойида ўша пайтдаги матбуот котиби Каролайн Левитт Перес ҳақ тўланмайдиган таътилда экани ва лавозимига қайтмаслигини билдирган эди.
“Ким бўлишингиздан қатъи назар, қоидаларимиз ёки федерал қонунларни бузсангиз, оқибатларга дуч келасиз”, деб ёзган Kalshi’нинг бош ҳуқуқшуноси Бобби Дено X ижтимоий тармоғида Пересга нисбатан қарорни олқишлаб.
Компания, аввалроқ BBC’га март ойида ўз таҳлилчилари “тилга олиш бозорлари”да ғайриоддий фаолликни пайқаганини маълум қилган. Бундай шартномаларда фойдаланувчилар муайян нотиқ, жумладан Президент, нутқида муайян давлатлар, сайлов шиорлари ёки бошқа сўзлар тилга олиниш-олинмаслигини башорат қилади.
Kalshi маълумотлар орқали ушбу фойдаланувчининг Оқ уйда телесуфлёрларни бошқарган федерал ходим эканини аниқлаган ва унинг фаолияти ҳақида регуляторга хабар берган.
Компания июль ойида президентлар ва Федерал захира тизими раҳбарлари каби сиёсий етакчиларнинг айтган сўзлари валюта, нефть фьючерслари ва акциялар бозорида миллиардлаб долларлик ҳаракатларга сабаб бўлиши мумкинлигини таъкидлаган. Шунингдек, ўша ойда Оқ уй бошқарув офиси маъмурият ходимларига прогноз бозорларида пул тикмаслик ҳақида хат юборгани маълум қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп Ой юзасидаги бирор объект унинг шарафига номланишини хоҳлашини айтганди.
Live
AllTibbiy xizmatlar hajmi 3 karra oshdi
28 August
Maktablarda qamrov 78 foizga oshirildi
28 August