Трамп келишув бўлмаса, Эронни йўқ қилиш билан таҳдид қилди

World

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон билан урушни тугатиш бўйича келишувга эришилмаса, мамлакатни “йўқ қилиши” мумкинлигини айтди, бироқ БМТ Бош ассамблеяси доирасида дипломатик музокаралар давом этаётгани ва келишув яқин орада тузилиши мумкинлигини билдирди. Бу ҳақда Трамп кеча, 22 сентябрь куни Нью-Йоркда БМТ Бош ассамблеясидаги нутқида сўз очди.

Трамп нутқ сўзлар экан, Эрон бўйича катта қарор қабул қилиши кераклигини айтган.

“Эрон билан унга тикланиш ва аввалгидан анча кучли мамлакатга айланиш имконини берадиган келишув тузиладими?.. Ёки мен Ислом Республикасини йўқ қилиб, буни тезда амалга ошираманми, уларга яна одамлар ва мамлакатларни ўлдириш ҳамда вайрон қилиш имконини бермайманми?”, деган Трамп.

Эрон Қуролли кучлари Трампнинг БМТдаги баёнотларини пропаганда деб атаган. Ҳарбийлар Эроннинг жавоби “тажовузкорларга янада оғир, вайрон қилувчи ва олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган зарбалар беришга тўлиқ тайёр” эканини билдирган.

АҚШнинг махсус вакили Стив Виткофф X ижтимоий тармоғида маълум қилишича, АҚШ ва Эрон вакиллари БМТ Бош ассамблеяси доирасида воситачилар орқали узоқ музокаралар олиб борган. Унинг айтишича, воситачилар кун давомида икки томон ўртасида қатнаб турган ва улар ўз ишини давом эттиради. Виткофф музокаралар “конструктив ва умидбахш” бўлишини кутаётганини билдирган.

Трамп, шунингдек, Яқин Шарқ давлатлари раҳбарлари билан учрашди. Бу давлатларнинг аксариятида АҚШнинг йирик ҳарбий базалари жойлашган бўлиб, улар уруш давомида Эрон ҳужумларига бир неча бор дуч келган.

“Биз Эрон билан боғлиқ вазият 3 ноябрдаги оралиқ сайловлардан кейин, балки ундан ҳам олдин тугаши мумкин, деб ўйлаймиз. Билмайман. Бундай нарсаларни ҳеч қачон билмайсиз”, деган Трамп минтақавий давлатлар раҳбарлари билан учрашувда.

Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи можарони юмшатишга бир неча ойдан бери уриниб келаётган Қатар Бош вазири шайх Муҳаммад бин Абдулраҳмон Ол Соний билан учрашган. Эроннинг юқори мартабали расмийси “Reuters” агентлигига Теҳрон АҚШ ҳарбий босимни юмшатса ва Эрон портларига қўйилган блокадани бекор қилса, Ҳормуз бўғозини бир неча кун ичида қайта очиши мумкинлигини айтган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон АҚШ томонидан ҳужумлар қайта бошланган тақдирда, янги қуролларни қўллаган ҳолда илгари зарба берилмаган Америка объектларига ҳужум қилишини билдирганди.


Tags

Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends