Трамп 13 кишини ўлдирган ҳарбийни отиб ташлашни буюрди
World
−
18:16 3701 2 minutes
АҚШ Президенти Дональд Трамп 2009 йилда Техас штатидаги Форт-Ҳуд ҳарбий базасида 13 кишини ўлдирган собиқ ҳарбий, психиатр Нидал Ҳасанни отишма гуруҳи орқали қатл этишни маъқуллади. Бу ҳақда кеча, 5 октябрь куни Пентагон маълум қилди.
Қайд этилишича, Трамп бундай қарорни АҚШ Мудофаа вазири Пит Ҳегсетнинг тавсиясидан сўнг қабул қилган. Ҳасаннинг қачон ва қаерда қатл этилишини АҚШ армияси котиби белгилайди.
Маълум қилинишича, Нидал Ҳасан 2013 йил августида ҳарбий суд томонидан 45 та банд бўйича айбдор деб топилиб, ўлим жазосига ҳукм қилинган. У 2009 йил ноябрида Форт-Ҳуддаги тиббиёт муассасасида лазерли нишонга эга тўппонча билан ҳарбий хизматчиларга қарата ўт очган.
Ҳужум оқибатида 12 нафар фаол хизматдаги ҳарбий ва бир нафар истеъфодаги ҳарбий ҳалок бўлган, 32 киши яраланган. Ҳужум Ҳасан Афғонистонга хизматга юборилиши режалаштирилганидан бир неча ҳафта олдин содир бўлган.
Ҳозир 56 ёшда бўлган Ҳасан қўлга олиниши вақтида полиция томонидан ўққа тутилган. Шундан сўнг у қисман фалаж бўлиб қолган ва ногиронлар аравачасидан фойдаланади.
Маълумотларга кўра, отишма гуруҳи орқали қатл этиш усули АҚШда федерал даражадаги энг оғир жиноятлар учун қўлланадиган жазо усуллари қаторига яқинда қўшилган. Бунга ўлимга олиб келувчи инъекция учун зарур дориларни топиш тобора қийинлашаётгани ҳам сабаб бўлган. Ҳарбий хизматчиларни қатл этиш АҚШда жуда кам учрайди. Мамлакатнинг Ҳарбий адлия кодексига кўра, ҳарбий суд томонидан чиқарилган ўлим жазоси Президент томонидан тасдиқланмагунча ижро этилиши мумкин эмас.
Агар Ҳасан қатл этилса, бу АҚШда 1961 йилдан бери амалга оширилган илк ҳарбий қатл бўлади. 1961 йилда ҳарбий хизматчи осиб ўлдирилган. АҚШда ҳарбий отишма гуруҳи томонидан амалга оширилган сўнгги маълум қатл эса 1945 йил ноябрида ўтказилган.
Айни пайтда АҚШнинг камида бешта штатида отишма гуруҳи орқали қатл этиш қонунчиликда назарда тутилган. 2025 йилда Жанубий Каролина штатида 15 йил ичида АҚШда илк бор маҳбус отишма гуруҳи орқали қатл этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг Теннесси штатида 1995 йилда қотиллик содир этгани учун ўлим жазосига ҳукм қилинган Криста Гейл Пайк икки доза ўлимга олиб келувчи препарат юборилганига қарамай, тирик қолганди.