Трамп Ҳормуз бўғозини АҚШ ҳудуди деб эълон қилди
World
−
19:22 1597 2 minutes
АҚШ Президенти Дональд Трамп Ҳормуз бўғозини АҚШ ҳудуди деб эълон қилди. У бугун, 18 август куни ўзининг TruthSocial саҳифасида бўғоз харитасини “АҚШнинг янги ҳудуди” деган ёзув билан жойлаштирди.
Трамп Ҳормуз бўғозини АҚШ ҳудуди деб эълон қилиш режаси ҳақида 14 август куни айтган эди. Ўшанда Оқ уй раҳбари бу ҳақдаги эълон Эрон билан уруш тугаганидан кейин бўлишини қайд этганди.

Эртаси куни Эрон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Козим Ғарибободий ушбу сув артериясини эгаллаб олиб бўлмаслигини маълум қилди.
“Ҳормуз бўғозини твит билан ҳам, авиаташувчи билан ҳам, фармон ёки сайловолди нутқи билан ҳам эгаллаб бўлмайди”, дейди у.
Америка Президенти саҳифасидаги пост чоп этилгач, Ғарибободий Трамп Ҳормуз бўғозини АҚШ ҳудуди деб атаб адашаётганини ва Эрон тез орада буни тузатишини айтди.
“Трамп боқий Форс кўрфази номини тўғри ёзгани каби, яқин орада унинг Ҳормуз бўғози борасидаги янглишиши ёки тузатилади, ёки бу адашган одамнинг янглишишларини ўзимиз тузатамиз”, деб ёзди у X’даги саҳифасида.
Яқин Шарқдаги кўплаб мамлакатларда кўрфаз Арабистон ёки Араб кўрфази деб аталади. Эрон бундай номланишларга қарши чиқади. Форс кўрфази – замонавий Эрон ҳудудида жойлашган Қадимги Форс давлати шарафига қўйилган анъанавий географик номдир.
Маълумот учун, аксарият мамлакатлар Ҳормуз бўғозини халқаро кемалар қатнови ҳудуди деб ҳисоблайди. У ерда хавфсизлик халқаро денгиз ҳуқуқи, хусусан, БМТнинг 1982 йилги Денгиз ҳуқуқи бўйича конвенциясининг (1994 йилда кучга кирган) 37-моддаси билан кафолатланади. Шу билан бирга, Эрон ҳам, АҚШ ҳам ушбу битимни ратификация қилмаган ва иккала томон ушбу ҳудудда кемалар қатновини тартибга солишнинг ҳуқуқий режимини турлича баҳолайди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг май ойида “The Associated Press” икки америкалик мулозимга таяниб, АҚШ Форс кўрфазини Араб ёки Арабистон кўрфази деб аташини хабар қилган эди. Кейинчалик Трамп Эрон ушбу қадамга “қатъий эътироз билдиришини” билдиргани сабабли Форс кўрфази номини Араб кўрфазига ўзгартириш режасидан воз кечди.
Live
All