Тошкентдаги айрим ташкилотларда ишни эртароқ бошлаш таклиф қилинмоқда

Local

image

Тошкент шаҳар ҳокимлиги шаҳар ва туман ҳокимликлари, шаҳар бошқармалари ҳамда уларга қарашли бўлинмаларнинг иш вақтини 8:00 дан 17:00 гача этиб белгилаш таклифини жамоатчилик муҳокамасига қўймоқда. Бу ҳақда ҳокимлик матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, иш кунининг давомийлиги ўзгармайди – ходимлар ишни бир соат эртароқ бошлаб, бир соат эртароқ якунлайди.

Бугунги кунда кўплаб ижтимоий муассасалар, айрим давлат ташкилотлари, шунингдек, кўплаб корхона ва ташкилотларда иш куни соат 8:00 да бошланади. Шу вақтдан бошлаб шаҳарда фаол ҳаёт бошланади, аҳоли давлат ва шаҳар хизматларига мурожаат қилади. Шу боис шаҳар ҳокимлиги ва унга қарашли хизматларнинг ҳам фуқароларга айни вақтдан бошлаб хизмат кўрсатишга тайёр бўлиши муҳим.

Иш жадвалларини уйғунлаштириш бир нечта идора иштирокини талаб қиладиган масалаларни тезроқ мувофиқлаштириш имконини ҳам беради.

Билдирилишича, йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази томонидан транспорт оқимлари таҳлили ва моделлаштирилиши шуни кўрсатмоқдаки, иш бошланиш вақтларини тақсимлаш эрталабки тиғиз пайтларда йўл тармоғига тушадиган юкламани камайтиришга ёрдам беради. Янги график жорий этилганда тушлик вақти ҳам шунга мос равишда ташкил этилиб, кун давомида транспорт оқимлари ҳамда умумий овқатланиш объектларига тушадиган юкламани янада бир маромда тақсимлаш имконини беради.

“Якуний қарор қабул қилишдан олдин пойтахт аҳолисининг фикрини эшитиш биз учун муҳим”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, агар таклиф овоз бериш натижаларига кўра аҳоли томонидан қўллаб-қувватланса, Тошкент шаҳар ҳокимлиги уни белгиланган тартибда келишиш учун касаба уюшмалари ташкилотларининг кўриб чиқишига киритади. Агар таклиф аҳоли томонидан қўллаб-қувватланса, белгиланган тартибда касаба уюшмалари билан келишиш учун киритилади. Сўровнома натижалари жорий йилнинг 28 август куни сарҳисоб қилинади.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends