Тошкентдаги 400 та маҳалла ободлиги учун 10 трлн сўм ажратилади
Local
−
19:46 606 2 minutes
Тошкент шаҳридаги 400 та маҳаллани “Қичқириқ” намунаси асосида обод қилиш бўйича 4 йиллик, 10 триллион сўмлик дастур ишлаб чиқилади. Бу ҳақда бугун, 11 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган Тошкент шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инвестиция ва бандликни ошириш, маҳаллаларда замонавий инфратузилма яратиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида сўз борди.
Қайд этилишича, йиғилишда Олмазор туманида маҳалла ва кўчаларни комплекс ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишларга алоҳида тўхталиб ўтилган.
Йил бошидан тумандаги 9 та кўча бизнес, аҳоли ва сайёҳлар учун жозибадор ҳудудга айлантирилган. Бу борада Қичқириқ маҳалласидаги ўзгаришлар яхши натижа бергани қайд этилган.
Илгари инфратузилмаси етарли бўлмаган ҳудудда қисқа вақт ичида 450 ўринли боғча, спорт майдончалари, сайилгоҳ, амфитеатр, пиёдалар йўлаги ва фавворалар барпо этилган. Натижада 5,5 минг нафар аҳоли учун яшаш ва дам олиш шароити сезиларли даражада яхшиланган.
Ушбу тажрибани кенгайтириб, Олмазорда яна 8 та кўчада, пойтахтнинг қолган 11 та туманида эса камида 3-4 тадан кўчада шу каби ишлар бошланиши белгиланган.
Тошкент шаҳридаги 100 та кўчани комплекс янгилаш учун 1 триллион сўм ажратилган. Шунингдек, 400 та маҳаллани “Қичқириқ” намунаси асосида обод қилиш бўйича 4 йиллик, 10 триллион сўмлик дастур ишлаб чиқилади.
Ҳар бир туманда қайси кўча ва маҳаллада, қачон ва қандай ўзгариш бўлиши аниқ белгилаб олиниб, маҳаллий кенгашларда муҳокама қилиниши ва аҳолига очиқ эълон қилиниши зарурлиги таъкидланган.
Пойтахтнинг тарихий қисми – Эски шаҳар ҳудудини комплекс ривожлантириш масаласи ҳам муҳокама қилинган.
Хорижий компанияларни жалб қилган ҳолда 1 ноябрга қадар мазкур ҳудудни ривожлантириш бўйича ягона концепция ва аниқ лойиҳалар портфелини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган.
Йиғилишда пойтахтдаги давлат идораларига тегишли бинолардан самарали фойдаланиш масаласига ҳам эътибор қаратилган. Бугун Тошкентда умумий майдони 765 минг квадрат метр бўлган 497 та маъмурий бино мавжуд.
Давлат ташкилотларини мақбул тарзда жойлаштириш, бўш ва самарасиз фойдаланилаётган майдонларда савдо, сервис, хусусий тиббиёт ва таълим хизматларини йўлга қўйиш зарурлиги қайд этилган.
Масъулларга давлат идоралари биноларини хатловдан ўтказиб, мақбул майдонларни тадбиркорларга кафолатли шартларда узоқ муддатли ижарага бериш бўйича амалий ишларни ташкил этиш топширилган.
Live
All