Тошкентда йўлкира 2500 сўм бўладими? Транспорт вазирлиги тушунтириш берди
Local
−
13:42 1597 2 minutes
Аввалроқ, пойтахт ҳокимлигининг “Тошкент шаҳридаги жамоат транспортида йўлкира ҳақи тарифини белгилаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси доирасида жорий йил 1 октябрдан бошлаб Тошкент шаҳрида метро ва автобус учун йўлкира нархи 1700 сўмдан 2500 сўмга оширилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди. Транспорт вазирлиги мазкур тариф ўзгариши бўйича якуний қарор ҳали қабул қилинмаганини, йўл ҳақининг эҳтимолий оширилиши ташувчиларга қўйиладиган хизмат сифати талаблари билан биргаликда кўриб чиқилиши лозимлигини маълум қилди. Ҳолат юзасидан вазирлик Telegram-каналида тушунтириш берилди.
Вазирлик маълумотига кўра, бугунги кунда Тошкент жамоат транспорти ҳар куни қарийб 2,5 млн йўловчига хизмат кўрсатмоқда. Сўнгги йилларда метрополитен йўналишлари тармоғи кенгайтирилиб, ерусти жамоат транспорти билан интеграция қилинган.
Шу билан бирга, автобуслар сони қарийб икки баробар кўпайиб, 1900 тага яқинлашган. Уларнинг ўртача қатнов оралиғи эса 30 дақиқадан 15 дақиқага қисқарган. Йўналишлар тармоғи янги тураржой массивлари ҳамда пойтахтга туташ ҳудудларни қамраб олинмоқда.
Қайд этилишича, жамоат транспорти харажатларига ҳайдовчи ва техник ходимларнинг иш ҳақи, ёқилғи ва электр энергияси, эҳтиёт қисмлар ва шиналар, ҳаракат таркибига техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш, депо ҳамда қувватлантириш инфратузилмасини сақлаш, салонларни тозалаш, шунингдек, диспетчерлик, навигация ва электрон тўлов тизимларини таъминлаш харажатлари киради.
Амалдаги тариф ушбу харажатларнинг фақат бир қисмини қоплаётгани, ташишларни молиялаштиришда асосий юк эса давлат бюджети зиммасида қолаётгани айтилган.
Билдирилишича, тарифнинг эҳтимолий ўзгариши ташувчиларга қўйиладиган аниқ талаблар билан биргаликда кўриб чиқилиши керак. Бунда қатновларнинг мунтазамлиги, белгиланган интервалларга риоя қилиниши, транспорт воситаларининг техник ҳолати ва тозалиги, йўловчилар хавфсизлиги, хизмат кўрсатиш маданияти ҳамда йўналишлар тармоғининг янада кенгайтирилиши назарда тутилмоқда.
Айни пайтда тарифларни ўзгартириш бўйича лойиҳа жамоатчилик муҳокамасида. Фуқаролар 19 сентябрга қадар Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали орқали ўз таклиф ва мулоҳазаларини юбориши мумкин.
Жамоатчилик муҳокамаси якунланмагунга қадар тарифларни ўзгартириш бўйича якуний қарор қабул қилинмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятида жамоат транспортларидан фойдаланиш учун нақд пулдаги тарифлар қайта кўриб чиқилганди ва улар электрон тариф тўловларига нисбатан 30 фоиз қимматлаштирилганди.
Live
All