Тошкентда йўл ҳақи 2 500 сўм бўлиши иқтисодий жиҳатдан қанчалик асосли?
Business
−
18:11 869 2 minutes
Тошкент шаҳрида жамоат транспорти нархини ошириш бўйича таклиф этилган лойиҳа одамлар орасида кенг муҳокама қилинмоқда. Унга кўра, карта орқали тўлов 1 700 сўмдан 2 500 сўмга чиқиши, нақд тўлов эса 3 000 сўмлигича қолиши мумкин. Бу ўзгаришнинг сабаблари ва у йўловчиларга нима бериши ҳақида бир қанча муҳим омиллар мавжуд.
Ҳозирги 1 700 сўмлик тариф 2023 йил ноябрь ойидан бери ўзгаргани йўқ. Шу вақт ичида пойтахт транспорти тизими анча кенгайди: автобуслар сони 1 900 тага етди, бекатларда кутиш вақти эса 15 дақиқагача қисқарди. Ҳозир кунига 2,5 миллионга яқин йўловчи ташилмоқда. Албатта, бундай катта тизимни ишлатиш, автобусларни соз ҳолатда ушлаб туриш, ёнилғи ва ишчилар маоши учун катта маблағ талаб этилади. Бундан ташқари, охирги пайтда электр энергияси нархи 900 сўмдан 1100 сўмга (22,2 фоизга), АЁҚШлардаги газ эса 1800 сўмдан 2750 сўмга (яъни 52,7 фоизга) қимматлашди. Амалдаги тариф бу харажатларни умуман ёпмаяпти, шу сабабли зарарнинг катта қисми давлат бюджети ҳисобидан тўланяпти. Таққослаш учун, қўшни Олмаотада йўл ҳақи бизнинг пулда қарийб 3 100 сўм, Бакуда эса 4 200 сўмни ташкил қилади.
Транспорт вазирлигининг маълум қилишича, тарифнинг ўзгариши шунчаки нархни кўтариш эмас, балки хизмат сифатини ошириш билан бевосита боғлиқ. Агар лойиҳа қабул қилинса, ташувчи компаниялар олдига жуда қаттиқ талаблар қўйилади. Автобусларнинг вақтида келиши, салонлар тозалиги, йўловчилар хавфсизлиги ва ҳайдовчиларнинг муомала маданияти қатъий назорат қилинади. Ҳар куни жамоат транспортидан фойдаланадиган одамларга оғир бўлмаслиги учун эса янги арзонроқ абонементлар ва битта автобусдан бошқасига ўтганда камроқ тўлайдиган (алмашиш) тарифлари таклиф этилмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бу ҳали якуний қарор эмас. Лойиҳа 19 сентябргача халқ муҳокамасида бўлади ва келиб тушган барча таклифлар асосида қайта кўриб чиқилади.
Live
All