Тошкентда қозоғистонлик футболчиларнинг заҳарланиши бўйича жиноят иши қўзғатилди

Sport

−

image

Аввалроқ, “Do‘stlik Cup-2026” халқаро футбол фестивалига келган қозоғистонлик ёш футболчилар заҳарлангани ҳақида хабар берилганди. Ушбу ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар берди.

Идорага кўра, жорий йилнинг 1 ноябрь куни футбол мусобақасида иштирок этиш учун Қозоғистондан Тошкентга келган 20 нафар бола ва уларнинг яқинлари Тошкент шаҳридаги меҳмонхонада нонушта вақтида ярим қовурилган тухум ва сосиска истеъмол қилган. Шу куннинг ўзида уларнинг 13 нафарида қайт қилиш, ич кетиш, қорин оғриғи ва тана ҳароратининг кўтарилиши каби белгилар кузатилган.

Шундан сўнг, улар тез тиббий ёрдам хизмати томонидан Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт марказига олиб борилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 276-13-моддаси (Санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, улар тез тиббий ёрдам орқали Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт марказига олиб борилган. Биринчи тиббий ёрдам кўрсатилганидан сўнг беморлар 5-сонли шаҳар юқумли касалликлар клиник шифохонасига ўтказилган.

2-3 ноябрь кунлари яна 7 нафар кишида ҳам шундай аломатлар кузатилиб, улар тиббиёт муассасасига олиб келинган.

“Ўтказилган текширувлар асосида шифохонага келтирилган жами 20 нафар бола ва уларнинг яқинларига “ўткир диарея” дастлабки ташхиси қўйилди. Уларнинг барчасига белгиланган стандартлар бўйича даволаш муолажалари олиб борилди”, дейилади вазирлик баёнотида.

Вазирлик маълумотига кўра, ҳозиргача 2 нафар бемор уйига жавоб берилган. Қолган 18 нафарнинг аҳволи барқарор ва қониқарли. Реанимация бўлимида даволанаётган беморлар йўқ.

Айни пайтда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси томонидан истеъмол қилинган озиқ-овқат маҳсулотлари қолдиқларидан намуналар олиниб, лаборатория текширувлари ўтказилмоқда. Текширув натижалари бўйича қўшимча маълумот берилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона шаҳридаги учта боғчада тарбияланаётган болалар овқатдан заҳарланиш аломатлари билан шифохонага мурожаат қилгани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends