“Тошкент – Термиз” M-39 автомагистралининг 24 километрлик қисми янгиланди
World
−
13:34 1777 2 minutes
Қозоғистоннинг Туркистон вилоятида “Тошкент – Термиз” халқаро автомобиль йўлининг 24,1 километрлик қисми реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда “24KZ” хабар берди.
Қайд этилишича, янгиланган М-39 автомагистрали Мақтаарал тумани ҳудудидан ўтади ва Қозоғистон ҳамда Ўзбекистонни боғлайди. Лойиҳа доирасида йўл биринчи тоифали, тўрт қаторли автомобиль йўлига айлантирилган. Таъмирлаш ишлари 2024 йил сентябрда бошланган. Лойиҳанинг умумий қиймати эса 3 миллиард тенгени ташкил этган.
Мутахассислар аввал йўлнинг шикастланган бетон конструкцияларини тиклаган, кейин 400 минг квадрат метр майдонга асфальт ётқизилган. Шунингдек, йўл четидаги тўсиқлар алмаштирилган ва 6 та кўприкда асфальт қопламаси янгиланган.
Билдирилишича, М-39 автомагистрали чегараолди ҳаракати учун муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади. У орқали юк ва йўловчи ташувлари амалга оширилади, яқинида эса “Целинный ” (Ўзбекистон томонидан унга туташ бўлган чегара пункти “Оқ олтин” деб аталади) ва “Сирдарё” назорат-ўтказиш пунктлари жойлашган.
Мақтаарал тумани ҳокими ўринбосари Серик Турсинқуловнинг айтишича, янгиланган транспорт коридори чегара пунктларининг ўтказиш қобилиятини ошириш ва ҳудуднинг транзит имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Маълумотларга кўра, трасса орқали ҳар куни 15 минггача автомобиль ҳаракатланади. Янгиланган йўл юк ташиш ҳажми ва халқаро савдо ўсишига туртки бериши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2026 йил 1 октябрдан “Олмаота – Тошкент” йўналишида қатнайдиган халқаро поезд таркибида аёллар учун махсус вагон жорий этилиши хабар қилинганди.
Live
All