Тошкент халқаро мода академияси ташкил этилади

Local

−

image

Ўзбекистонда Тошкент халқаро мода академияси ташкил этилади. Янги олий таълим ташкилоти Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги тизимида фаолият юритади. Бу ҳақда кеча, 16 октябрь куни Президент имзолаган “Тошкент халқаро мода академиясини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорда белгиланган.

Қарорга кўра, Тошкент халқаро мода академияси давлат олий таълим ташкилоти ҳисобланади ва Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги тизимида фаолият юритади. Академия Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг Париж халқаро мода академияси билан ташкил этилган қўшма таълим дастури негизида ташкил этилади. Бунда:

  • қўшма таълим дастурида таҳсил олаётган барча талабалар ўқишини академияда давом эттиради ва битирувчиларга академиянинг дипломи берилади;
  • ўқув жараёни 2026/2027 ўқув йилидан бошланади, талабаларни ўқишга қабул қилиш амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ умумий белгиланган тартибда амалга оширилади;
  • қўшма таълим дастурлари билан бир қаторда ўз таълим дастурлари асосида бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлашга рухсат этилади;
  • 2027/2028 ўқув йилидан бошлаб корхона (ташкилот) буюртмаси асосида тўқимачилик, тикувчилик, трикотаж ва чарм-пойабзал соҳаларида мақсадли кадр тайёрлашга қаратилган дуал таълим шакли жорий этилади;
  • давлат буюртмаси асосида турли ташкилотлар ва хизматлар учун кийим-бош дизайнларини академия базасида ишлаб чиқиш ва миллий брендларни шакллантириш йўлга қўйилади.

2027/2028 ўқув йилидан бошлаб енгил саноат соҳаси учун кадрлар тайёрловчи техникумларни муваффақиятли тамомлаган ва баллар ўртача қиймати академия томонидан белгиланган кўрсаткичдан кам бўлмаган битирувчиларга бакалавриатнинг учинчи босқичидан ўқишни тўлов-контракт асосида давом эттиришга рухсат берилади.

Академияга жалб қилинадиган хорижий мутахассислар, маъмурий ходимлар, уларнинг оила аъзоларига ҳамда академияга қабул қилинадиган хорижий талабаларга академиянинг талабномаларига мувофиқ кўп марталик виза берилиши (муддати узайтирилиши) ҳамда турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказилиши (муддати узайтирилиши) белгиланган тартибда таъминланади.

Қарор билан тасдиқланган чора-тадбирлар дастурида академия талабалари учун давлат-хусусий шериклик асосида 400 ўринли талабалар турар жойини қуриб, фойдаланишга топшириш (2028 йил якунига қадар) назарда тутилган. Унгача институтдан академияга ўқиши кўчириб ўтказиладиган талабаларга институт талабалар турар жойидан белгиланган тартибда фойдаланишга рухсат берилади.

Маржона Маманиёзова


Author

avatar

.

Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends