“Толибон” қарийб 2,5 млн қизнинг мактабга боришини тақиқлаган – UNESCO

World

image

Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати 2021 йилда ҳокимиятни қайта эгаллаганидан бери тахминан 2,4 миллион нафар афғон қизини ўрта таълим олиш имкониятидан маҳрум қилган. Бу ҳақда БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (UNESCO) хабар қилди.

Ташкилот маълумотларига кўра, Афғонистон қизлар ва аёлларнинг ўрта ва олий таълим олиши расман тақиқланган дунёдаги ягона давлат бўлиб қолмоқда. UNESCO бу чекловлар мамлакатни ўнлаб йиллик ривожланиш имкониятларидан маҳрум қилиши, қашшоқликни чуқурлаштириши ва қайтариб бўлмайдиган зарар келтириши мумкинлигини билдирган.

UNESCO ҳисоб-китобларига кўра, аёлларнинг ўрта ва олий таълим олишига қўйилган тақиқ 2066 йилга қадар 600 минг нафар афғон аёлини меҳнат бозоридан чиқиб кетишига олиб келиши мумкин. Бу, шунингдек, мамлакатда жами 9,6 миллиард доллар даромад йўқотилиши ва эрта никоҳлар хавфи ошишига сабаб бўлиши мумкин.

Маълумот учун, “Толибон” 2021 йилда АҚШ ва унинг иттифоқчилари Афғонистондан чиқиб кетиши ортидан ҳокимиятга қайтганида, аёллар таълим олишда давом этишини бир неча бор билдирган эди. Бироқ 2022 йил март ойида қизларнинг ўрта мактабларга бориши тақиқланди. Шу йил декабрь ойида эса аёлларнинг университетларда ўқишига ҳам тақиқ жорий этилди. “Толибон” ҳар икки чекловни вақтинчалик деб атаган, аммо улар ҳануз амалда қолмоқда.

“Толибон”нинг аёллар ҳуқуқларига оид чекловлари уларнинг ишлаши ва эркин ҳаракатланишини ҳам чеклайди. UNESCO’нинг таъкидлашича, аёлларнинг олий таълим олишига қўйилган чекловлар мамлакатда аёл ўқитувчилар танқислигини ҳам кучайтириши мумкин. Ташкилот 2030 йилга бориб Афғонистонда 11 мингдан ортиқ малакали аёл ўқитувчи етишмаслигини прогноз қилган.

UNESCO маълумотларига кўра, 10 ёшли болаларнинг 90 фоизидан ортиғи оддий матнни ўқий олмайди, мамлакатда саводхонлик даражаси эса 37 фоизни ташкил этади.

Мактабларнинг қарийб ярмида сув, санитария ёки иситиш тизими мавжуд эмас. 2021 йилдан бери зилзила ва сув тошқинлари каби табиий офатлар туфайли 1 000 та мактаб ёпилган. 2025 йилнинг ўзида эса 3 миллион киши мажбуран ёки ихтиёрий равишда Афғонистонга қайтиб келган ва бу таълим тизимига қўшимча босим юзага келтирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистонда 14 миллион киши кучли озиқ-овқат танқислигига дуч келаётгани, бу мамлакат аҳолисининг қарийб 32 фоизини, яъни ҳар уч кишидан бирини ташкил этиши хабар қилинганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends