Тинч океанида ҳарорат бўйича рекорд янгиланди
World
−
15:14 940 2 minutes
Тинч океанидаги Эль-Ниньо ҳодисаси кузатилаётган ҳудудда сув ҳарорати кетма-кет 150 кундан бери рекорд даражада юқори бўлмоқда. Оқибатда Жанубий Американинг ғарбий қисмида кучли ёғингарчилик, сув тошқинлари ва кўчкилар кузатилмоқда. Бу ҳақда “The Washington Post” хабар берди.
Маълумотларга кўра, Эль-Ниньо ўлчанадиган асосий ҳудудда океан сувининг ўртача ҳарорати 30,2 даражага етган. Айрим жойларда эса бу кўрсаткич 31,6 даражагача кўтарилган. Бунгача қайд этилган энг юқори ҳарорат 2015 йилда кузатилган бўлиб, 29,8 даражани ташкил этган.
Эль-Ниньо таъсири, айниқса, Перу ва Эквадорда сезилмоқда. Перудаги метеорологик консалтинг компанияси раҳбари Абраҳам Левининг айтишича, ушбу икки давлат замонавий тарихдаги энг кучли Эль-Ниньо ҳодисаларидан бирига тайёргарлик кўрмоқда.
Эквадорнинг Гуаякиль шаҳрида октябрь ойида қарийб 20 дюйм (50,8 сантиметр) ёмғир ёққан. Ҳолбуки, бу ҳудудда мазкур ой учун ўртача ёғингарчилик миқдори атиги 0,2 дюймни (0,5 сантиметр) ташкил этади. Бу одатдаги кўрсаткичдан қарийб 100 баравар кўп.
Шунингдек, ўтган ҳафта Эквадор пойтахти Китода кучли ёмғирлар сув тошқинларига олиб келган. Чилининг пойтахти Сантьягода эса жала ёмғирлари вайронкор сел кўчишларига сабаб бўлган.
Перу соҳиллари яқинида океан суви ҳарорати меъёрдан 9,4 даражагача юқори қайд этилмоқда. Мутахассислар мамлакатда ёмғирли мавсум бошланиши билан вазият янада оғирлашиши мумкинлигини билдирмоқда.
Эль-Ниньо АҚШда ҳам қишки об-ҳавога таъсир қилиши кутилмоқда. Хусусан, мамлакатнинг ғарбий ва шарқий соҳилларида кучли бўронлар, Калифорнияда сув тошқинлари, Флоридада эса ноодатий кучли ёғингарчилик ва хавфли об-ҳаво ҳодисалари эҳтимоли ортиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилдаги Эль-Ниньо барча кузатувлар тарихидаги энг кучлисига айланиши ҳамда қурғоқчилик, кучли жала ва бошқа экстремал об-ҳаво хавфини ошириши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.
Live
All