Татаристондаги фожиада асосий қурбонлар – ўзбеклар

Review

Reklama
0:00

Украинанинг Татаристонга дрон ҳужуми ортидан 8 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди. Ҳодиса юзасидан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев топшириғига мувофиқ Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида Ҳукумат комиссияси тузилди. Фожиа содир бўлган Нижний Камскда мотам эълон қилинди. Татаристон раҳбари Рустам Миннихонов Ўзбекистон Президентига ҳамдардлик билдирди. Ҳужум оқибатида жабрланган ўзбекистонликлар ҳолидан хабар олди.

Татаристондаги фожиа

10 август куни эрталаб Украина дронлари Татарстоннинг Нижнекамск шаҳрига ҳужум қилди. Ҳужум оқибатида ҳалок бўлган 13 кишининг орасида Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари бўлган. Нижнекамск мэри Радмир Беляев ҳалок бўлганлар орасида бола ҳам борлигини маълум қилган. Унинг айтишича, дронлар саноат объектларидан ташқари турар жойларга ҳам зарба берган. Ҳужум оқибатида республикада мотам эълон қилинган.

Ҳужум қурбонлари орасида 8 нафар ўзбекистонлик бўлган. Вазирликнинг маълум қилишича, ушбу ҳодиса оқибатида Нижнекамск шаҳри ҳудудида фаолият юритган қурилиш корхонасида қурувчи бўлиб ишлаган жами 8 нафар Ўзбекистон фуқаролари ҳалок бўлган ҳамда яна бир нечта ўзбекистонликлар турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага жойлаштирилган.

Маълум қилинишича, Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ, Бош вазир Абдулла Ариповнинг ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида масъул вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат Ҳукумат комиссиясини ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши қабул қилинган.

Унга кўра, Ҳукумат комиссиясига ҳодиса оқибатида жабрланган Ўзбекистон фуқароларининг ҳолидан хабар олиш ва уларга барча зарур ёрдам кўрсатиш, ҳалок бўлган ўзбекистонликларни эса ҳаво транспортида махсус рейс орқали олиб келиш ва тегишли манзилларга етказиш, шунингдек, уларнинг оила аъзоларига ҳар томонлама кўмаклашиш вазифалари юклатилган.

Шу билан бирга, фармойишга мувофиқ Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Миграция агентлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар вакилларидан иборат Махсус ишчи гуруҳ Россия Федерациясига юборилиб, барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Татаристон раҳбари Шавкат Мирзиёевга ҳамдардлик билдирди

Татаристон раҳбари Рустам Миннихонов Нижнекамскдаги дрон ҳужумида Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари ҳалок бўлгани муносабати билан Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмонга ҳамдардлик билдирди.  

Ҳужум туфайли Тожикистоннинг бир нафар фуқароси ва Ўзбекистоннинг 8 фуқароси ҳалок бўлган. Миннихонов телеграммаларда ҳалок бўлганлар ва жабрланганларнинг оилаларига барча зарур ёрдам кўрсатилишини қайд этди.

“Қайтариб бўлмас йўқотиш дардини баҳам кўрамиз. Шу оғир дамларда даҳшатли террор қурбонларининг оилалари билан биргамиз. Уларга матонат, руҳий куч ва сабр, барча жабрланганларга эса тезроқ соғайиб кетишларини тилайман”, деб ёзди Миннихонов.

Нифоқ қўзғатувчи ҳужум – Захарова

Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова Украина Қуролли кучлари Нижнекамскдаги хорижликлар истиқомат қиладиган ҳудудга Россиянинг дўст мамлакатлар билан қардошлик муносабатларига нифоқ солиш мақсадида атайлаб зарба берганини таъкидлади.

“Киев неонацистлари халқларимиз ўртасидаги биродарлик муносабатларига рахна солиш мақсадида бизга дўст бўлган давлатлар вакилларининг яшаш ва ишлаш жойларига атайин зарба берган”, дея таъкидлади у.

Захарова халқаро ҳамжамиятни Зеленский режемининг ҳаракатларини қоралашга чақирди.

“Украина Қуролли кучларининг террорчилик ҳаракатлари оқибатида нафақат россиялик тинч аҳоли, балки бошқа мамлакатлар фуқаролари ҳам жабр кўрмоқда. Ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз, жароҳатланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилаймиз. Халқаро ҳамжамиятнинг барча аъзоларини укронацистларнинг ваҳшиёна жиноятларини қоралашга чақирамиз”, дейди Захарова

Ҳужум оқибатида 13 киши, жумладан, бир нафар бола ҳалок бўлган. 78 киши ёрдам сўраб мурожаат қилган, улардан 25 нафари шифохонага ётқизилган. Украина қуролли тузилмалари томонидан Татаристон Республикасининг саноат ва фуқаролик объектларига уюштирилган террорчилик ҳужуми ортидан Россия Жиноят кодексининг 205-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди. Республикада мотам эълон қилинди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends