Тадбиркорлар диққатига! Айрим имтиёзларнинг амал қилиш муддати узайтирилади

Local

image

Ўзбекистонда тадбиркорлар учун айрим имтиёзларнинг амал қилиш муддатлари узайтирилади. Бу ҳақда Президент кеча, 27 август куни қабул қилган “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда сўз боради.

Фармонга кўра, қуйидаги имтиёзларнинг амал қилиш муддатлари узайтирилади:

  • уч, тўрт ва беш юлдузли меҳмонхона қуришга субсидиялар бериш муддати 2029 йил 1 январга қадар;
  • меҳмонхона ва бошқа жойлаштириш воситаларининг мол-мулкига солинадиган солиқ ва ер солиғи бўйича солиқ ставкаларига нисбатан 0,1 коэффициентни қўллаш муддати 2030 йил 1 январга қадар;
  • туризм соҳаси субъектлари учун импорт қилинадиган автобус, электробус ва микроавтобуслар учун божхона божидан озод этиш муддати 2028 йил 1 январга қадар.

2027 йил 1 январдан:

  • Ўзбекистон Республикасининг резиденти бўлган туроператорларнинг хорижий сайёҳларга кўрсатган хизматларига ҚҚСнинг ноль ставкаси қўлланади; 
  • юлдузли меҳмонхонага субсидия олиш учун унинг тоифасини тасдиқлашда хорижий компаниялар хулосаси талаб этилмайди.

Шунингдек, мазкур Фармон билан қиймати БҲМнинг 400 бараваридан ошадиган товар ва хизматлар учун тўловлар фақатгина банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилиши белгиланди.

Илгари мазкур миқдор 25 миллион сўм деб белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда кичик тадбиркорлик субъектларини ҳар қандай текширишга 3 йил муддатга мораторий жорий этилиши ва жорий йил 31 декабргача кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари учун “Иккинчи имкон” иқтисодий амнистияси эълон қилингани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, 2027 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорларга молиявий жарима қўллашда “Биринчи хато учун – огоҳлантириш” қоидаси жорий этилади. Бундан ташқари, жорий йил 1 ноябрдан бошлаб Ўзбекистонда тадбиркорлар учун электр ва газ бўйича олдиндан тўлов 15 фоизга туширилади.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends